13:03 / 13.07.2023
31046

Жорий йилнинг дастлабки 6 ойида муомалага қўшимча 6 трлн сўм нақд пуллар чиқарилган

2023 йилнинг январ-июнь ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 369,7 трлн сўмни ташкил этгани ҳолда, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 16,9 фоизга ошган.

Фото: KUN.UZ

2023 йилнинг январ-июнь ойларида умумий пул тушумлари 295,4 трлн сўмни ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 30,7 фоизга ошган. Бу ҳақда Марказий банкнинг нақд пул муомаласи бўйича шарҳида келтирилган.

Жумладан, умумий пул тушумларида терминал орқали тушумлар улуши 2022 йилнинг ярим йиллигидаги 32,6 фоиздан 2023 йилнинг мос даврида 38,2 фоизга ўсган. Савдо ва хизматлар соҳасидан терминал тушумлари салмоғи ўтган йилдаги 37,5 фоиздан 40,4 фоизгача ошган.

2023 йил январь-июнь ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 369,7 трлн сўмни ташкил этгани ҳолда, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 16,9 фоизга кўпайган. Хусусан, банкларга нақд пул тушумлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,8 фоизга ўсиб, 182,4 трлн сўмни ташкил қилган.

Жорий йилнинг 6 ойида банк карталарига кирим қилинган маблағлар (359,2 трлн сўм) 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 баробарга ошган, ушбу даврда банк карталаридаги 86,4 трлн сўм маблағлар нақдлаштириб олинган. 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида банк карталарга келиб тушган маблағларнинг 28,1 фоизи нақдлаштириб олинган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг мос даврида 24 фоизни ташкил этган.

Банкларга тушган нақд пулларнинг уларга бўлган талабдан кам қисми Марказий банк томонидан муомалага қўшимча нақд пулларни чиқариш орқали таъминлаб борилган. Жумладан, 2023 йилнинг 6 ойи мобайнида муомалага қўшимча 6 трлн сўм нақд пуллар чиқарилган ва 1 июль ҳолатига нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 24,8 фоизни ташкил этган.

Top