07:31 / 22.07.2023
2743

Ислом тараққиёт банки гуруҳи билан хусусийлаштириш жараёнида ҳамкорлик ўрнатилди

Ўзбекистонда хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарув жараёнларини ривожлантиришни амалий қўллаб-қувватлашга қаратилган жараённи бошлаш режалаштирилган. 

Фото: davaktiv

Жорий йил 20 июль куни Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмал Ортиқов ва Ислом тараққиёт банки гуруҳига кирувчи Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш ислом корпорацияси (ICIEC) бош директори Усама Каисси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Меморандум томонлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва ишонч тамойилларига мувофиқ тузилган бўлиб, унинг доирасида савдо, инвестициялар, хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарув соҳасида малака ва тажрибани ошириш мақсадида ахборот алмашиш йўналишида ҳамкорлик амалга оширилади.

Шу билан бирга, меморандум хусусийлаштириш соҳасида ҳамкорликка, ICIEC мижозлари базаси ва йирик тадбиркорлар ўртасида Ўзбекистонда хусусийлаштирилаётган давлат активлари тўғрисида реклама кампанияларини ўтказиш орқали салоҳиятли инвесторларни жалб қилишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Меморандум билан Ўзбекистонда хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарув жараёнларини ривожлантиришни амалий қўллаб-қувватлашга қаратилган жараённи бошлаш режалаштирилган. Семинарлар, ишчи учрашувлар ташкил этиш, ҳар икки томон вакилларининг долзарб масалалар ва келишилган мавзулар бўйича ўзаро ташрифлари ва суҳбатлар кўринишида барча зарур ёрдам кўрсатилади. 

Top