20:18 / 05.09.2023
20479

«Таклиф тушса, олий лига жамоалари билан рақобатга тайёрмиз» — «Заковат»нинг илк жамоаси аъзолари билан интервю 

2001 йил бошларида Ўзбекистонда «Заковат» интеллектуал телеўйинлари эфирга узатилиб бошларкан, ундаги илк иштирокчи жамоа – Ҳабибулло Ражабов жамоаси қисқа вақт ичида халқ меҳрини қозонишга улгурган эди. Аммо кўп ўтмай жамоа негадир лойиҳадаги иштирокини тўхтатди. Бу ҳақда томошабинларга на жамоа аъзолари ва на телеўйин ташкилотчиларидан бирор аниқ тушунтириш берилмади.

Kun.uz мухбири “Заковат” мухлисларининг энг севимли жамоаларидан бири бўлган ушбу жамоа аъзоларини 20 йилдан ортиқроқ вақт ўтиб интервю столи атрофида тўплади.

— Қаранг, орадан 20 йилдан кўпроқ вақт ўтибди. Хўш, бугун ким қаерда, нима билан машғул?

Ҳабибулло Ражабов:

— Ўша 20 йил олдинги воқеалар биз учун ҳам жуда бир ҳаяжонли бўлган. Интеллектуал ўйинлар, кўрсатувлар эндигина эфирга чиқа бошлаган пайтда бу ўйин ҳам ўзига яраша мухлисларини топган эди. Ва ўша ўйиннинг бир қисми бўлганимиздан фахрланамиз.

Ҳозир ҳам интеллектуал жараёнлардан узоқда эмасмиз. Кўрсатувларда қатнашмасак-да, бирлигимиз сақланиб қолган, доимий йиғилишлар, суҳбат-мунозаралар бўлади. Бунинг сабаби деярли барчамиз ҳозир ҳам таълим тизимида ишлаймиз. У даврлар биз учун ҳам қизиқ даврлар эди, ўқиш, изланиш, китоб ахтаришлар ўша даврдан шаклланиб қолган бизда. Йиғилишларимизда ҳам шу янги маълумотлар, қандай янгиликлар бўлаётганини бўлишамиз. «Заковат»да топганларимизнинг энг муҳими шу қадрдонлар давраси, дўстлик.

Ўзим ҳозир Тошкент давлат транспорт университетида доцентман. Сиёсий фанлар бўйича фалсафа докториман ва талабаларга ҳам шу йўналишда дарс бериб келяпман.

Дилшод Саъдуллаев:

— Айни вақтда ўзим ўқиган мактабда математика фанидан дарс беряпман. Орада университетни тугатгач, 15 йил давомида олий таълим тизимида ишладим. Ўзбекистон Миллий университети, Иқтисодиёт университетларида олий математика ва эҳтимоллар назарияси бўйича дарс бердим. Яқин 5 йилдан бери эса шу халқ таълимидаман.

Собиржон Қодиров:

— «Заковат»дан кейин анча жойларда бўлдим. Ўқишни битиргач, ҳарбий хизматда бўлдим, сўнг хусусий бир соҳаларда ишладим. «Ўзгидромет»да ҳам ишладим, орада Германияда ўқиб келдим. Ҳозир Миллий тадқиқот университетида дарс бераман, шу орада ҳам Испания ва Италияда ўқидим. Умуман, асосий фаолиятим университетда бўляпти ҳозир.

Зебо Шомирова:

— Менинг ҳам фаолиятим Собиржон акадан кам бўлмади, чунки ўзим бир жойда туролмайдиган одамман. Банкда ишладим, кредит комиссиясида ҳам фаолият олиб бордим. Чет элда ҳам ишлаб келдим. Ҳозир Миллий тадқиқот университетида иқтисодиёт фалкультетида ўз соҳам бўйича дарс бериб келяпман.

Собиржон Қодиров:

— Ҳозир «Заковат» анча оммалашиб кетди. Шунинг учун университетимиз ректори топшириғи билан Зебо иккимиз талабалар ўртасидаги «Заковат» ўйинларига масъулмиз.

— «Заковат»га кириб келишингиз, қандай қилиб бир жамоа сифатида ва бир стол атрофида йиғилганингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

Зебо Шомирова:

— 2000 йил охирида биринчи ўйинимиз бўлган, учинчи курс эдик. Миллий университет базасида шаклланган эди ўша пайт «Заковат». Барчамиз турли факультетлардан бўлганмиз, танлаб олишган. Савол-жавоб қилиб кўришган. Айни қишки имтиҳонлар пайти эди ўшанда.

Собиржон Қодиров:

— Зебо айтганидай, қишки имтиҳонлар пайти бўлган. Вазифаларни топшир, курс ишларини қил — роса талотўпга тўғри келган. Деканатдан чақиришган бизни. Мен борсам, Зебо энди чиқяпти экан. Қараб турдим-да, қисқача савол-жавоб қиларкан, деб қўйдим. Лекин кирсам, Абдурасул ака нақ 15 тача савол бердилар. Тахминан 13 тачасига жавоб бердим. Айтдилар нима бўлишини, хўп дедим мен ҳам. Қолганлардаям худди шундай бўлган. 2001 йил февраль ойида йиғилиб, жамоани шакллантириб, жамоа сардори тайинлаб олдик.

Дилшод Саъдуллаев:

— Мениям худди шундай қилиб деканатдан чақиртиришган. Борганман, асосан блиц саволлар беришган, қўлдан келганча жавоб берганман. Муддаоларини айтган, мен рози бўлганман. Январ ойидан йиғилиб бошлаб жамоа шакллантирганмиз, февраль ойига келиб ўйинимиз бўлган.

Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Жавоҳир Ғайратов.

Top