22:39 / 07.09.2023
6774

Шавкат Мирзиёев FAO бош директори билан озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини муҳокама қилди

Президент БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) бош директори билан учрашди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 сентябр куни Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференцияда иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) бош директори Цюй Дунъюйни қабул қилди.

Учрашувда озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солаётган бугунги хавф-хатарларга қарши, шу жумладан минтақа даражасида курашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Аграр тармоқни ривожлантиришдаги номутаносибликлар, сув ресурсларининг танқислиги, қўшимча қиймат яратишнинг узун ва самарасиз занжирлари, логистикадаги узилишлар ва бошқалар барқарор ривожланиш учун асосий хатарлар сифатида қайд этилди.

Ўзбекистон ва FAO ўртасида 2030 йилга қадар мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурига қишлоқ хўжалигини илмий тадқиқотлар ва инновациялар асосида модернизация қилиш, аграр соҳани рақамлаштириш, молиявий қўллаб-қувватлашнинг таъсирчан воситаларини амалга ошириш ва агроозиқ-овқат тизимини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш бўйича қўшма тадбирларни киритишга келишиб олинди.

Top