19:40 / 10.09.2023
30017

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонга нисбатан Жексон-Веник тузатмаси бекор қилиниши мумкин

АҚШ сенаторлари Крис Мёрфи ва Тодд Янг «эскирган» Жексон-Веник тузатмаларини бекор қилиш ҳамда АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларини «қайта кўриб чиқиш» фурсати етганини таъкидлашмоқда.

АҚШ демократ-сенатори Крис Мёрфи. Фото: copticsolidarity.org

Коннектикут штатидан демократ-сенатор Мёрфи ва Индиана штатидан републикачи-сенатор Тодд Янг 7 сентябр куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон учун Жексон-Веник тузатмасини бекор қилиш ва бу уч давлат билан доимий нормал савдо муносабатлари ўрнатиш статуси тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этишди.

Агар қонун лойиҳаси муваффақиятли қабул қилинса АҚШ бу чекловлардан жабр кўриб келаётган Марказий Осиё давлатларининг қийинчиликларини сезиларли тарзда енгиллаштирган бўлади, деб ёзади The Diplomat.

Россия Украинада олиб бораётган урушнинг минтақага ҳалокатли таъсири ҳамда Хитойнинг Марказий Осиёга экспансияси шароитида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон учун Жексон-Веник тузатмаси бекор қилиниши Америка Қўшма Штатлари томонидан кўзга кўринарли яхши ниятдаги қадам бўлиб хизмат қилади.

Республикачи-сенатор Тодд Янг. Фото: mavink.com

Савдо тўғрисидаги қонунга 1974 йилги Жексон-Веник тузатмаси айрим давлатларнинг эмиграцияга қўйган чекловлари, хусусан, СССРни тарк этмоқчи бўлган яҳудийларга нисбатан чекловлар туфайли АҚШ билан нормал савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш мақсадида қабул қилинган. Гарчи совет иттифоқи 1991 йилда парчаланиб кетган бўлса-да, Жексон-Веник тузатмаси унинг айрим собиқ аъзолари учун амал қилишда давом этиб келмоқда. 2000–2012 йилларда бу чекловдан Қирғизистон, Гуржистон, Украина, Арманистон, Молдова ва Россия чиқариб ташланган.

Бироқ, Марказий Осиёнинг тўрт давлатидан (юқорида саналганлардан ташқари Туркманистон ҳам чеклов остида) чеклов ҳануз олиб ташланмаган.

Жорий йил март ойида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифидан сўнг, Сенатнинг терроризмга қарши кураш ҳамда Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё бўйича халқаро муносабатлар қўмитаси остқўмитаси Блинкеннинг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Доналд Лу ҳамда унинг энергетика ресурслари бўйича ёрдамчиси Жеффри Пайеттнинг бу борадаги кўрсатмаларини тинглаган.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен март ойида Ўзбекистонга ташриф буюрганди. Фото: Kun.uz

Остқўмита раиси Крис Мёрфи Доналд Лунинг Вакиллар палатасининг ташқи ишлар бўйича қўмитаси олдида 2022 йил сентябрида қилган чиқишига ҳавола қилган. Унда Байден администрацияси Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонга нисбатан Жексон-Веник тузатмаси бекор қилинишини қўллаши айтилган. Лунинг сўзларига кўра, Жексон-Веник масаласи Блинкеннинг Марказий Осиёдаги ҳамкасблари билан ҳар бир учрашувда кўтарилган. «Бу чиндан ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги ишончга путур етказади», — деган у.

Шу ёзда Крис Мёрфи The Diplomat нашрида чоп этилган мақоласида гарчи ҳар уч давлат «АҚШ билан жипс муносабатлар ўрнатишдан аввал инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликларни илгари суриш борасида катта иш қилиши керак» бўлса-да, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонни тузатмадан халос этиш заруриятини асослаб берган. Бу мамлакатларга PNTR статуси берилиши «Америка Қўшма Штатларига бу масалада ҳам кўпроқ таъсир ричагига эга бўлиши»ни таъминлаши таъкидланган.

Мёрфи Конгрессни «АҚШнинг бу минтақадаги стратегик ва иқтисодий манфаатларини илгари суриш учун Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонни Жексон-Веник тузатмаси билан жорий этилган эски чекловлардан халос этиб, уларга PNTR статуси бериш тўғрисидаги қонунни қабул қилиб, фурсатдан фойдаланиш»га чақирган.

Қайд этиш лозимки, Жексон-Веник тузатмасининг АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларга таъсири деярли нолга тенг, чунки бу давлатларга аллақачон шартли-нормал савдо муносабатлари тақдим этилган. Айримларнинг таъкидлашича, мавжуд ҳол потенциал инвесторларда маълум бир шубҳалар пайдо қилмоқда. Савдо муносабатлари ҳар йили қайта кўриб чиқилиши эса энг яхши ҳолатда қатъиятсизлик, ёмон ҳолатда эса ҳурматсизлик деб баҳоланмоқда. Марказий Осиё ва бошқа давлатлардаги турли яҳудийлар ташкилотлари Жексон-Веник қонунини бекор қилишга чақирган бўлса-да, бу борада ҳеч иш қилинмаган. Инерция туфайли тузатма ўз кучида қолаверган.

Евросиё яҳудийчилиги Миллий коалицияси (NCSEJ) бош директори Марк Б. Левин ўз ташкилоти Мёрфи ва Янг томонидан илгари сурилаётган янги қонун лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган. «Барча уч давлат ўз фуқароларини чекловларсиз эмиграцияга қўйиб юбориш бўйича Жексон-Веник тузатмаси шартларини бажаришган. Бу қонун лойиҳасининг илгари сурилиши АҚШ ҳамда ушбу давлатлар ўртасида келгусида муҳим алоқалар ўрнатилишига хизмат қилади», деган Марк Б. Левин.

Марк Б. Левин. Фото: ncsej.org

Қонун лойиҳасини тақдим этар экан, Крис Мёрфи ўзининг июл ойидаги мақоласида таъкидланган тезисларни такрорлади: «Россия ва Хитойнинг Марказий Осиёга таъсири сусайиб бораётган экан, совуқ уруш даври сарқитларидан воз кечиб, АҚШ муҳим имкониятдан фойдаланиб, Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларни қайта кўриб чиқиши керак. Бу икки партияли қонун бизнинг иқтисодий манфаатларимизга мос келади ва Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиё билан муносабатларини XXI асрга ўтказиш истаги борлиги ҳақида аниқ сигнал жўнатади».

Бу таъкидларни қўллар экан, Тодд Янг шундай деган: «Бизнинг икки партия томонидан илгари сурилаётган қонун лойиҳамиз айниқса биз критик муҳим ресурсларга йўл очиш ва минтақавий улкан ривожланиш ва равнақ топишга интилаётган бир пайтда Марказий Осиёнинг асосий давлатлари билан иккитомонлама ва минтақавий муносабатларимизни чуқурлаштиради. Бу қонун лойиҳаси савдо муносабатлари мустаҳкамланишига, халқаро бозорларга йўл очиш кенгайишига, Хитой ва Россия томонидан бўлаётган зарарли таъсирга қарши туришга олиб келади».

Чиндан ҳам, Жексон-Веник эски даврлар сарқити ҳисобланади. Унинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон учун бекор қилиниши Америка Қўшма Штатлари учун ҳеч қандай зарар олиб келмайди, бироқ яхши ният қадами ҳамда келгусида савдо ва сиёсий муносабатлар равнақ топиши кўринишидаги дивидендлар олиб келиши мумкин, деб ёзади нашр.

Top