09:01 / 12.09.2023
7897

Пашинян: Рим статутини ратификация қилиш Россия билан боғлиқ эмас

Арманистон бош вазири Путин халқаро қидирувга берилишидан олдин Ереван Рим статутини ратификация қилишни бошлаганини эслатди.

Фото: РИА Новости / Рамиль Ситдиков

Арманистоннинг Рим статутини ратификация қилиши Россия билан муносабатларга алоқадор эмас, балки хавфсизликни таъминлаш учун зарур, деди бош вазир Никол Пашинян 11 сентябр, душанба куни «Жамоатчилик телевидениеси» телеканалига берган интервьюсида.

«Бугун биз чегара хавфсизлигига ёрдам берадиган омиллар учун олишимиз мумкин бўлган воситалардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдамиз. Рим статутининг Арманистон-Россия муносабатларига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Биз уни ратификация қилмоқдамиз, чунки 2022 йил сентябр ва 2021 йилнинг май ойи воқеалари Халқаро жиноий суд томонидан текширилди», деб тушунтирди Пашинян. 

Бош вазирнинг сўзларига кўра, ҳужжатнинг ратификация қилиниши «КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) Арманистон олдидаги мажбуриятларини бажармаган ва бажармаётган шароитда хавфсизлик даражасини оширишга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган яна бир омилдир». 

Ереван Рим статутини Путин бўйича ордер берилишидан олдин ратификация қилишни бошлади 

1 сентябр куни Арманистон ҳукумати Рим статутини ратификация қилиш масаласини кўриб чиқиш учун парламентга юборди. Мамлакат расмийлари буни икки давлат ўртасидаги ҳарбий можаро муносабати билан Озарбойжонни жавобгарликка тортиш истагига боғламоқда. 

Пашинян Ереван Рим статутини ратификация қилишни 2022 йилнинг декабрида, Халқаро жиноий суд (ХЖС) Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер бергунига қадар бошлаганини эслатди. «Афсуски, бу жараён Россия ва ХЖС ўртасидаги муносабатлар контекстига тўғри келди. Лекин шуни айтишим керакки, у Арманистон ва Россия муносабатларига боғлиқ эмас», - дея таъкидлади бош вазир. 

Рим статути Арманистон томонидан 1998 йилда имзоланган. Жорий йилнинг март ойида мамлакат Конституциявий суди ҳужжатни асосий қонунга мувофиқ деб тан олди. 

ХЖС Путинни ҳибсга олиш учун ордер берди 

2023 йилнинг март ойида ХЖС Путин ва болалар омбудсманı Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди. Суд маълумотларига кўра, Путин ва Лвова-Белова «аҳолини (болаларни) Украина ҳудудидан Россияга ноқонуний депортация қилиш билан боғлиқ ҳарбий жиноят учун жавобгарликни ўз зиммасига олади». Бу ордер Рим статутини ратификация қилган давлатлар Путин ташриф буюрган тақдирда уни ҳибсга олиши кераклигини англатади. 

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ереваннинг Рим статутига қўшилиш режаларини «мутлақо қабул қилиб бўлмас» деб атади. Ереван, ўз навбатида, 2023 йилда ўз ҳудудида КХШТ машғулотларини ўтказишдан бош тортди. Бундай ҳодисалар минтақада хавф туғдириши мумкин, дея тушунтирди Пашинян. Кейинроқ у Арманистоннинг КХШТдаги аъзолиги тўхтатилиши мумкинлигини истисно этмади, шунингдек, Россия тинчликпарвар кучларини Тоғли Қорабоғ бўйича ўз миссиясини бажармагани учун қоралади. 

Top