18:20 / 07.10.2023
5602

Тошкент халқаро кинофестивали ёпилишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди

6 октябр куни «Ренессанс» кино уйида XV Тошкент халқаро кинофестивали якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда кинофестивални ўтказишда ташаббус кўрсатган вазирлик ва идоралар, Кинематография агентлиги ва тизим ташкилотлари ходимлари, киноижодкорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

29 сентябрдан 2 октябргача ўтказилган «Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивалига АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Япония ва бошқа 50 дан ортиқ давлатдан 300 дан ортиқ санъат ва маданият вакиллари ташриф буюрди.

Улар орасида Оскар, Олтин глобус ва Бафта мукофотлари совриндори Кевин Спейси, Канн ва Венеция кинофестиваллари совриндори Кшиштоф Занусси, Канн, Берлин ва Венеция кинофестиваллари совриндори Эмир Кустурица, Венеция кинофестивали, Ника, «ТEФИ» мукофотлари совриндори Александр Сокуров, «Ника», «ТEФИ» мукофотлари совриндори Владимир Хотиненко, «Такси» фильмлари билан танилган француз актёрлари Фредерик Дифенталь ва Сами Насери каби жаҳоннинг машҳур кино юлдузлари ҳамда ижодкорлари иштирок этишди.

Кинофестивалнинг таълим қисми доирасида олти минг нафар кино санъати ихлосмандлари учун 50 га яқин маҳорат сабоқлари ўтказилди. Шунингдек, Тошкент кинофестивалининг 65 йиллиги, Худойберган Девонов томонидан суратга олинган илк ҳужжатли фильмнинг 115 йиллиги, Ўзбекистондаги афсонавий кино дубляж мактаби ташкил этилганининг 85 йиллигига бағишланган тадбирлар ҳам фестивал таркибида ташкил этилди.

Кинофестиваль дастури доирасида миллий кино санъатининг нуфузли намояндалари – Наби Ғаниев, Комил Ёрматов, Малик Қаюмов, Бакен Кедикееванинг юбилейлари, шунингдек, Урганч шаҳрида Худойберган Девонов номидаги кинотеатр очилишига бағишланган кўргазмалар ташкил этилди.

Турли мамлакатлар кино мактаблари ўқувчилари учун “Кино 5 кунда” танлов дастури, “Марказий Осиё мамлакатлари танлови” ва “Миллий кино танлови” ғолиблари муносиб тақдирланди.

Матбуот анжумани якунида фестивал ташкилотчилари ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Top