21:39 / 10.10.2023
6991

Ўзбекистонда узум экспорти икки баробар камайди 

Бу ички бозордаги нархларнинг рекорд даражада ошгани билан изоҳланмоқда. 

Фото: East-fruit

2023 йил сентябр ойида Ўзбекистондан янги пишган узум экспорти ҳажми ўтган ойга нисбатан 30 фоизга қисқарди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баравар кам бўлди. Бу эса ушбу маҳсулот нархининг рекорд даражада ошгани билан изоҳланади, дейилади EastFruit хабарида. 

Дастлабки савдо статистикасига кўра, 2023 йил сентябр ойида Ўзбекистон 27,3 минг тонна янги узум экспорт қилди, бу жорий йилнинг августидаги 38,9 минг тоннага ва ўтган йилнинг сентябридаги 59,0 минг тоннага нисбатан кам. 

2023 йил июл ойида ўзбек узумини экспорт қилиш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан юқори бўлганига қарамай, экспорт мавсуми фаол босқичга кирган 2023 йил август ойида ушбу маҳсулотларни ташқи бозорларга жўнатиш ҳажми ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 10 фоизга кам бўлган. Бу август ойининг учинчи ўн кунлигидан бошлаб, жорий ва ўтган йилги улгуржи нархлар даражалари ўртасидаги тафовут кескин ошиб бораётгани билан изоҳланади. 

Агар август ойида узумнинг жорий улгуржи нархлари ўтган йилги даражадан ўртача 1,5 баравар юқори бўлса, сентябр ойида бу бўшлиқ аллақачон 2,5-3 бараварга етди. Оқибатда сентябр ойида ўзбек узумининг экспортида ўтган ойга нисбатан ҳам, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ҳам кескин пасайиш кузатилди. 

EastFruit таҳлилчилари таъкидлаганидек, жорий мавсумда Ўзбекистонда узум нархининг рекорд даражада юқори бўлишининг асосий сабаби январ ойидаги совуқлар туфайли ҳосилнинг пастлигидир. 

Top