12:00 / 10.10.2023
14553

Uzum ва халқаро фондлар мамлакат иқтисодиётига 300 миллион доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда

Бу орқали Uzum экотизимига кирувчи молия ва электрон тижорат соҳасидаги миллий платформалар ва сервислар мамлакатнинг рақамли иқтисодиётини ривожлантиришнинг локомотивларига айланади.

Uzum турли мамлакатларнинг халқаро инвестиция фондлари билан биргаликда Ўзбекистон фуқаролари ва тадбиркорлари учун электрон савдо, ўз логистика инфратузилмаси, рақамли банк ва молиявий сервисларни ривожлантиришга қарийб 300 миллион доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. Uzum экотизимига кирувчи молия ва электрон тижорат соҳасидаги миллий платформалар ва сервислар мамлакатнинг рақамли иқтисодиётини ривожлантиришнинг локомотивларига айланади.

Uzum гуруҳининг холдинг тузилмасини шакллантириш билан боғлиқ барча расмий тартиб-таомилларнинг якунланиши инвестиция раундини жалб этиш ва халқаро инвесторлар билан ҳамкорлик қилишнинг техник жараёнини бошлайди, бунда гуруҳ тасдиқланган ривожланиш стратегияси доирасида жалб қилинган маблағларни унга киритилган барча вертикалларни мустаҳкамлаш ва янги бизнес-юнитларини яратишга йўналтиради.

Uzum мамлакатнинг миллионлаб аҳолиси учун IТ-маҳсулотларни бирлаштирган миллий рақамли платформани яратмоқда. Мавжуд йўналишлардан ташқари, экотизим классифайд-сервисларни, шунингдек, тадбиркорлар учун янги маҳсулотларни, шу жумладан уларни финтех ва сўнгги мил логистика йўналишларида ишга туширишни режалаштирмоқда.

Шундай қилиб, миллий рақамли платформа истеъмолчилар ва бизнес учун муҳим бўлган барча соҳаларда сервисларни бирлаштиради, мамлакатнинг барча ҳудудлари аҳолисига, уларнинг катталиги ва пойтахтдан узоқлигидан қатъи назар, энг замонавий IТ-ечимларидан тенг фойдаланиш имкониятини беради. Экотизимнинг ривожланиши мамлакатда кичик ва ўрта бизнеснинг ўсишига ёрдам беради, шунингдек рақамли банк сервисларнинг кириб боришини оширади, бу эса ўз навбатида иқтисодиётдаги нақд ҳисоб-китоблар улушининг пасайиши ва аҳоли молиявий саводхонлиги даражасининг ошишини англатади.

Джасур Джумаев, Uzum асосчиси ва бош директори: 

Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг жадал ривожланаётган иқтисодиёти, ёш аҳолининг юқори улуши ва Интернет фойдаланувчилари сонининг фаол ўсиши, шунингдек, онлайн савдо ва финтехнинг ажойиб ривожланиш суръатлари билан жаҳон инвесторлари нуқтаи назаридан энг истиқболли мамлакатлардан бири ҳисобланади. Давлат томонидан қўллаб-қувватланиш ва меъёрий-ҳуқуқий базанинг ривожланиши туфайли мамлакатда рақамли иқтисодиёт ва хусусан e-commerse ўсиши учун ноёб муҳит яратилди. Uzum инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун инвестор сифатида иштирок этишга тайёр бўлган бир қанча инвестиция фондлари билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз.

Биринчи даражали халқаро венчур инвесторлар ва молия институтларидан хорижий инвестицияларни жалб қилиш бизга ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ва бутун мамлакат бўйлаб ҳам Uzum, ҳам кичик ва ўрта бизнес доирасида минглаб иш ўринларини яратиш имконини беради. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, аҳоли даромадларининг кўтарилишига ва барқарор иқтисодий ўсишга ҳисса қўшмоқда — шу тариқа биз Президентимиз томонидан "Ўзбекистон 2030" стратегиясида белгиланган мақсадларга эришишда ўз ҳиссамизни қўшамиз. 

Uzum ҳақли равишда Ўзбекистондаги биринчи технологик яккашох деб аталса бўлади ва у туфайли мамлакатимиз дунёнинг етакчи технологик компаниялари харитасида пайдо бўлди.

KPMG маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон Ўрта Осиё мамлакатлари орасида e-commerse ўсиш суръати бўйича етакчи ҳисобланади — келгуси 5 йил ичида саноат 7 баравар ўсади, бозор ҳажми эса 1,8 миллиард долларга етиши мумкин. Шундай қилиб, "Рақамли Ўзбекистон 2030" стратегиясига кўра, мамлакат иқтисодиётининг фаол трансформацияси келгуси йиллар давомида рўй беради.

Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда Uzum каби йирик ўйинчиларнинг пайдо бўлиши ўсиш омилларидан бири бўлди. Бугунги кунда Uzum экотизими сервисларидан мамлакатнинг 13 миллиондан ортиқ аҳолиси, шу жумладан бутун мамлакат бўйлаб 50 мингга яқин тадбиркор ва компаниялар фойдаланмоқда. 2024 йилда Uzum Market миллий маркетплейси ҳозирда қурилаётган Ўзбекистондаги энг йирик логистика марказини ишга туширишни режалаштирмоқда, шу билан бирга экотизим молиявий сервислар, рақамли банкинг ва платформанинг бошқа маҳсулотларини ривожлантириш учун зарур бўлган IТ-инфратузилмани кучайтиради.

Top