15:16 / 14.10.2023
29074

“Одамлар чиқиндисини ташлаб, кулиб чиқиб кетсин” – чиқиндихонани гулзорга айлантирган эр-хотин ҳикояси 

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги бир қарашда тоза, саришта ҳовлини эслатадиган чиқиндихона бироз олдинроқ ижтимоий тармоқларда машҳур бўлганди. Самарқандлик оила меҳнати сабаб чиқиндихона гулзорга айланган. “Бу чиқиндихона, жирканч жой, деган фикр бўлмаслиги керак”, – дейди чиқиндихона ишчиси Шарофиддин Туробов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани «Махсустранс» корхонасига қарашли 29-йиғиш шохобчаси тозалиги билан тошкентликлар орасида тилга тушиб улгурди. Бу ерда самарқандлик оила ишлайди. Оила боши Шарофиддин Туробов Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги Зиёвуддин шаҳарчаси Буғдой маҳалласида туғилиб ўсган. 1997 йилда Тошкентга келган. Тумандаги чиқинди йиғиш шохобчасида эса 2019 йилдан бери ишлайди. Рафиқаси билан чиқиндихонани ҳам тозалаб, ҳам у ерда 100 га яқин гулларни парвариш қилади. 

Ўзининг ҳикоя қилишича, гулларни яхши кўриш, уларга меҳр бериш Шарофиддин Туробовга онасидан ўтган. “Онам раҳматли гулларни яхши кўрарди. Болалигимизда онам ҳамма жойга гул экарди. Шунинг учунми, гулларга оилавий қизиқамиз”, – дейди у. 

Туробов чиқиндихонадан ёмон ҳид келмаслигига сабаб доимий тозалаб турилиши эканини айтади. Контейнерларни рафиқаси Гулзода Мамаюсупова ювади. Туробовнинг ўзи эса чиқиндиларни саралайди. 

Ҳамма нарса тозаликка боғлиқ. Эл чиқиндихонага келиб, мени кўриб хурсанд бўлиб кетсин. Бу чиқиндихона, жирканч жой, деган фикр бўлмаслиги керак. Халқ чиқиндисини ташлаб, кулиб чиқиб кетсин. Мен халқдан фойдаланяпманми, халқ ҳам мендан хурсанд бўлиб кетсин”, – дейди Туробов.

Гулзода Мамаюсупова контейнер ювиш билан бирга, гулларни парвариш қилади, янги гуллар экади. Бу ерда жаннат гул, қора шаҳзода, райҳон, она меҳри, фикс, геран каби 20 турдан ортиқ гулларни кўриш мумкин. 

Бундан ташқари, унинг яна бир муҳим иши турмуш ўртоғига тушлик тайёрлаб олиб келиш. "Уйимиз чиқиндихонага яқин бўлгани учун, ҳар кунлик овқатларини тайёрлаб, олиб келаман. Шунинг орқасидан болаларимизни ўстириб, ўқитяпмиз. Қизимни турмушга узатдим. Хўжайиним ҳам яхши инсон. Баъзан менинг жаҳлим чиқса ҳам қаттиқ гапирмайди. Кўнгилни оғритмайди”, – дейди у. 

2004 йилда оила қурган жуфтликнинг бир ўғил ва бир қизи бор. Яқинда қизларини узатишган. Эндиги орзулари эса ўғлини ўқитиб, машина ва уй-жойли бўлиш.

Энг катта орзум Тошкентдан уй олиш ва ўғлимни ўқитиш. Ҳозирча уйга пул йиғолмаяпмиз. Чунки квартиранинг ўзига 250 доллар тўлаймиз”, – дейди у.

Орзулари ҳақида гапириб бераркан, Туробов топаётган даромади қанча бўлса ҳам Аллоҳга қаноат қилишини айтади. 

Миллионлаб топса ҳам инсон учун кам. Мисол учун кимдир сизга 45 минг сўм берса, яна 5 минг сўм берса, 50 минг сўм бўларди дейсиз. Инсон мана шу билан тўйдим деганини эшитмаганман. Менинг ҳам ниятларим бор, аввало Аллоҳ бергувчи зотдир. Элга берсин, эл қатори менга ҳам берсин. Қанча ниятларимни айтсам, дунёга сиғмайди. Банда бергани бўлмайди. Ҳаммага Аллоҳ берсин”, – дейди Туробов.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист,
Оператор – Абдусалим Абдувоҳидов,
Монтаж устаси – Асрор Алмударов.

Top