10:13 / 03.11.2023
4750

Сурхондарёда 4 та археология ёдгорлигига 7 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланди

Аниқланган ҳолатлар юзасидан мансабдор шахслар ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Прокуратура органлари томонидан Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилишга қаратилган тизимли назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Мазкур тадбирларда Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида 4 та археология ёдгорлигига 7 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланди.

Хусусан: 

- милоддан аввалги V–I асрларга оид “Таллаган тепа” ёдгорлигининг 40 м2 қисми кесиб олиниб, автомобил йўли ўтказилиши оқибатида 888 млн сўмлик;

-V–VIII асрларга оид “Ғўринтепа” ёдгорлигининг 200 м2 қисми бузилиб, уй-жойлар қуриб юборилиши оқибатида 4,7 млрд сўмлик; 

- I–IV асрларга оид “Хушвақтепа” ёдгорлигининг 12 м2 қисми кесиб олиниб, ҳожатхона қурилгани оқибатида 266 млн сўмлик;

- V–VII асрларга оид “Тоштепа” ёдгорлигининг 56 м2 тупроқлари кесиб олиниб, молхона қурилгани оқибатида 1,2 млрд сўмлик зарар етказилган.

Аниқланган ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top