20:29 / 11.11.2023
11986

Эрон президенти мамлакатлар «ярашганидан» кейин биринчи марта Саудия Арабистонига борди

Иброҳим Раисий икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар тикланганидан кейин илк бор Саудия Арабистонига ташриф буюрди.

Фото: ТАСС

11 ноябр куни Ар-Риёзда Араб давлатлари лигаси (AL) ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIC) қўшма саммити бўлиб ўтди. Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, Ғазо секторидаги фавқулодда вазиятларни ҳисобга олган ҳолда араб-ислом қўшма саммитини ўтказишга қарор қилинди.

Икки тадбир «Ғазо сектори ва Фаластин ҳудудларида кузатилган хавфли ва мисли кўрилмаган ҳодисаларга қарши туриш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш учун араб ва исломнинг умумий иродасини ифодаловчи жамоавий позицияни ишлаб чиқиш» учун бирлаштирилган.

Эрон ва Саудия Арабистони азалдан минтақадаги асосий рақиб бўлиб келган. 2016 йил бошида мамлакатлар Теҳроннинг кескин баёнотлари ва машҳур шиа воизи Нимр ан-Нимрнинг Ар-Риёзда қатл этилиши ортидан Саудиянинг Эрондаги элчихонасига қилинган ҳужумдан сўнг дипломатик муносабатларни узган эди. Бундан ташқари, манфаатларнинг тўқнашуви туфайли давлатлар очиқ ҳарбий можаро ёқасида эди. Бироқ шу йилнинг март ойида Хитой воситачилигида уларнинг ярашув жараёни бошланди. Мамлакатлар дипломатик муносабатларни тиклашга келишиб, денгизда хавфсизликни таъминлаш учун минтақада коалиция тузиш имкониятлари ҳақида гапира бошлади.

Top