20:06 / 11.11.2023
8584

Вертикал олам одамлари ёхуд чўққиларни забт этаётган ўзбекистонликлар

Экстремал вазиятлар, ҳаяжон ва қўрқувга солувчи лаҳзалар... Тоғ чўққиларини забт этишга уринаётган одамларни одатда Hollywood филмлари орқали кўрамиз. Шу боис ҳам алпинист деганда тасаввуримизга ажнабий одамлар келади. Ўзбекистонда ҳам алпинистлар борлиги, улар ҳам дунёнинг машҳур чўққиларини аллақачон забт этаётганини ҳамма ҳам билавермаса керак. Ушбу кўрсатувда "чўққилар овчиси"га айланган ҳамюртларимиз ҳақида билиб оласиз.

«Сирли Ўзбекистон» жамоаси анча йиллардан бери тоғ туризми билан шуғулланади. Шу йил сентябрнинг ўрталарида жамоа аъзолари Шароф Эгамбердиев ва Шуҳрат Одилов Осиё қитъасидаги энг баланд – Эрон шимолида жойлашган Дамованд вулқон чўққисини забт этишди. Денгиз сатҳидан 5 минг 610 метр баландликда Ўзбекистон байроғини кўтаришди.

Улар Kun.uzʼга берган интервюсида бундан аввал бошқа минтақаларда жойлашган энг баланд тоғ нуқталарида бўлгани, бу жараёнда қандай воқеаларга дуч келгани, хавфли вазиятлардан қандай қилиб чиқиб кетишгани ҳақида батафсил гапириб берди.

Шароф Эгамбердиев: Биология фанлари докториман, молекуляр генетика билан шуғулланганман. Докторлик диссертациямни ҳимоя қилиб, фанлар номзоди унвонини олгач дам олишга Ҳимолай тоғига кетганман. Тоғдаги 12 кунлик саёҳат давомида кўплаб одамлар билан танишдим, улар билан гаплашиб, тоғларда бўлганимдан кейин дунёқарашим ўзгарди. Кейин келиб бўшаш ҳақида аризамни ёздим ва ўша вақтдан ҳозиргача тоғ туризми билан шуғулланиб келяпман. Бу ишни 10 йилдан бери қилиб келаман.

Ўзи табиатга, тоғга чиқишга қизиқардим. Бошланишида ҳаваскор сифатида чўққиларга чиққанман, шу вақт давомида адашиб, алпинистлар секциясига тушиб қолганман. Ўшанда бир нарсани тушуниб етдим – чўққиларга чиқиб, тоғларни забт этмоқчи, янги экспедицияларга бормоқчи бўлсангиз алпинист бўлиш шарт эмас. Алпинистлик билан шуғулланадиган одамларни 2 категорияга бўлиш мумкин: машҳур тоифадаги алпинистлар ва шу ишнинг ортидан яхши пул топадиганлар.

Биринчиси ҳақида гапирсак, чет элда жуда катта спорт брендлари бор. Машҳур тоифадаги алпинистларни мана шу брендлар амбассадори, яъни элчиси десак бўлади. Бу атлетларнинг қиладиган ишини кўрангиз, ҳавасингиз келади. Чунки улар ҳеч ким бормаган дунёдаги энг баланд чўққиларни забт этишади. Жанубий Америкадаги ёки Антарктидадаги вертикал деворларга чиқишади, National Geographic, Discovery телеканаллари билан биргаликда кўрсатувлар чиқаришади.

Иккинчи категориядагилар булар – алпинист гидлар. Бизда бу кўпроқ ҳобби бўлса керак. Умуман олганда, алпинизм жуда хавфли ва қимматбаҳо спорт тури ҳисобланади.

 Шуҳрат Одилов: Ташқи реклама билан шуғулланаман. Тоғга чиқиш – ҳоббидек гап. 6-7 йил олдин Шароф аканинг жамоасига турист сифатида қўшилиб қолганман. Ўш вақтларда 1-2 кунлик юришларга чиқиб турардим. Кейин Шароф ака билан танишганимиздан сўнг, тижорий бўлмаган йўналишларга ҳам чиқиб юришни таклиф қилганди. Шундан кейин тоғга чиқиш ҳоббийим бошланган.

Шароф Эгамбердиев: Ҳозирги кунда бутун дунёда жуда кўп алпинистик дастурлар бор. Шулардан биринчиси – “7 чўққи” дастури. Ҳар бир минтақадаги 7 та энг баланд чўққига чиқиб, уларни забт этсангиз, алпинистларнинг ёпиқ клубига аъзо бўласиз. Шу вақтгача ер юзида фақат 400 нафар одам мана шу дастурни якунлаган. Биз бу йилдан “7 та вулқон” деган дастурни бошладик, унга кўра, ҳар бир минтақадаги энг баланд вулқон чўққиларига чиқиш керак бўлади. Йил бошида Африканинг энг баланд вулқони – Климанжарога чиқдик, июлда Европаники – Элбрусга, ана энди ҳозир Осиёнинг гали келди. Биринчидан, Эрон бизга яқинлиги, иккинчидан дастурда учинчи чўққи бўлгани сабаб Дамованд танланди.

Шуҳрат Одилов: Дамованд чўққиси ҳақида умуман эшитмаганман. Ҳеч Эронга бораман деб ҳам ўйламаган эдим, ҳатто хаёлимга ҳам келмаган. Шароф ака шу “7 та вулқон” дастури ҳақида айтди, шунда вариант сифатида Дамовандни айтганларида ҳаммамиз розилик билдирдик. Шу билан 2-3 ойда ташкиллаштириб, Эронга кетдик.

Қишки юришларда биз доимий равишда қорни эритиб, чой дамлаб ичамиз. Бу – табиий ҳол, бу нарса ҳамма жойда бор. Овқатланишга келсак, бизда ўзимизнинг рацион бор. Масалан, 2-3 кунлик юришга кетилганда рюкзак қанча оғир бўлса, саёҳат шунча қийин ўтади. Шунинг учун бизда нонушта, тушлик ва кечки овқатларимиз деталларигача ҳисобланиб, олинади. Ҳар бир овқатни граммигача ўлчаб оламиз. Неча кунга кетаётганимизга қараб, ҳамма нарсани ҳисоблаб, кейин чиқиб кетамиз. Чунки ортиқча оғирлик ҳеч кимга керак эмас.

Шароф Эгамбердиев: Hollywood филмларини олсангиз, унда асосан ёрқин лаҳзалар акс эттирилади, кимдир ўлади, музликка учиб тушиб кетади, кимдир арқонни кесади. Ҳақиқий баланд тоғларга чиқиш доимо машаққат бўлган. Бу – умуман дам олиш эмас. Бу жараёнда ҳар бир қилинган ишда одам жуда қийналади. Чунки босим ўзгаради, иккинчидан шаҳар билан солиштирганда нисбатан кислород молекулалари узоқ бўлади. Нафас олганингизда жуда кам кислородни ютасиз. Бу нарса кўп процессларга олиб келади, шунинг учун организм мослашиши керак бўлади. Кейин кўнгил айниши, бош оғриши, мускул кучсиз бўлиб қолиши бошланади. Бу нарса 4-5 та ҳолатдан ўлимгача олиб бориши мумкин. Алпинистлар тоғда ҳеч қачон пастдан тепага қараб чиқмайди, улар биринчи лагерда қолади, кейин иккинчи лагерда – бу нарсани акклиматизация дейди, яъни организмни мослаштириб олиш.

Шуҳрат билан Эронга борганда, ўз баданимиз устидан тажриба қилиб кўрдик. Акклиматизациясиз Осиёнинг энг баланд вулқонига бир ярим кунда чиқдик.

Якшанба куни Тошкентдан учиб кетган бўлсак, душанба куни штурма лагерига келдик, баландлик 4 минг 200 метр. Ўша пайт менда тоғ касаллигининг симптомлари бошланди. Бош оғриб, кўнгил айниб, мускуллар чарчаб қолди. Бу – оддий ҳолат. Тур давомида жуда кўплаб европалик жамоалар билан танишдик, улар тоғда 4 кун бўлган экан. Эртасига тоғга чиқиб кетдик.

Биринчидан, Эронда энг қизиқ жиҳат – гидларнинг ишлаш тизими ҳисобланади. Биз 2 соат ичида гидимизни йўқотиб қўйдик. Қаерга кетганини билмадик. Кейин чўққигача Шуҳрат иккаламиз қолиб кетдик. Сўнг эса мен тоғ касаллигининг 2-3-даражаларини сеза бошладим, жуда оғир бўлди. Балки, акклиматизация бўлганида осонроқ ўтар эди.

Эронда энг хавфли нарса бу – шамол экан. Майда тошлар билан тезлиги ўртача 60 км/соат, денгиз сатҳидан 5 минг 400 метр баландликка чиққанингиздан сўнг, вулқондан парлар чиқа бошлайди. 650 градусли пар заҳарли ҳисобланади. Бу шамол билан биргаликда юзга урилганида кислородни умуман куйдириб юборади

Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид
Top