16:54 / 16.11.2023
5899

Чехия Россиянинг барча давлат активларини музлатиб қўйди

Чехия Россиянинг хориждаги кўчмас мулкларини бошқарадиган «Госзагрансобственность» федерал давлат унитар корхонасига қарши санкциялар киритди. Компаниянинг мамлакатдаги барча активлари музлатилди ва Чехияда мулкни ижарага бериш тақиқланди.

Фото: Zdenek Fucik/CTK/dpa/picture alliance

Чехия ҳукумати Россия давлатига тегишли хориждаги кўчмас мулкларни бошқарадиган «Госзагрансобственность» федерал давлат унитар корхонасини миллий санкциялар рўйхатига киритди. Бу ҳақда 15 ноябр, чоршанба куни Чехиянинг CTK ахборот агентлиги хабар берди. Чехиядаги хорижий давлат мулкининг барча активлари музлатилди ва ушбу корхонанинг мамлакатдаги ҳар қандай тижорат фаолияти, шу жумладан кўчмас мулкни ижарага бериши тақиқлаб қўйилди, дея тушунтирди мамлакат ташқи ишлар вазири Ян Липавский. 

Унинг сўзларига кўра, Чехияда Россияга тегишли кўчмас мулкнинг аксарияти Прага ва Карлови Варида жойлашган. Липавский аниқлик киритишича, ушбу мулкни ижарага олган одамлар ва компаниялар ундан фойдаланишда давом этиши мумкин, аммо ижара ҳақи Россия расмийлари фойдалана олмайдиган ҳисобрақамига тушади. «Бу билан Россия урушини молиялаштирган тижорат фаолияти тугатилади», деб таъкидлади Чехия ТИВ раҳбари X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида. 

Липавский қўшимча қилишича, Чехия ҳукуматининг мамлакатдаги Россия давлат мулкини музлатиш ҳақидаги қарори Россия элчихонасининг дипломатик фаолият учун фойдаланиладиган кўчмас мулкига тааллуқли эмас. Гап, хусусан, элчихонанинг ўзи ва элчи қароргоҳи ҳақида бормоқда. 

Киев Праганинг қарорини олқишлади 

«Чехия Россиянинг барча давлат активларини музлатиб қўйди. Мен бу фундаментал қадамни олқишлайман ҳамда ҳамкасбим ва дўстим Ян Липавскийга миннатдорчилик билдираман. Буни амалга оширмаган барча давлатлар Чехиядан ўрнак олиши керак. Россия пуллари вайронагарчилик учун эмас, балки Украинани тиклашга йўналтирилиши керак», деб ёзди ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба X ижтимоий тармоғида. 

Чехия Россиянинг хорижий кўчмас мулкини музлатиб қўйган биринчи давлат бўлди. Липавскийнинг айтишича, мамлакат ҳукумати бу тажрибани бутун Европа Иттифоқига татбиқ этишга интилади. Чехия дипломатияси раҳбари Россиядан жавоб чоралари кутилмаётганини қўшимча қилди: «Менда Чехиянинг Москвада шунга ўхшаш активлари борлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Энг муҳими, биз қўшниларимизга қарши тажовузкор уруш олиб бораётганимиз йўқ, шунинг учун қайси асосда жавоб чоралари қўлланиши мумкинлигини аниқлаб бўлмаяпти».

27 октябр куни Европа Иттифоқининг 27 давлати Европа комиссияси ва Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизматидан Украинага ёрдам бериш учун Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлашни сўрагани маълум бўлди. Аввалроқ Белгия Украинага Россия активларидан тушган 1,7 миллиард евро солиқларни тақдим этиши тўғрисида хабарлар тарқалганди. Кремлга кўра, Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаши ортидан ғарб давлатларининг турли банк ҳисобларида 300 миллиард долларга яқин маблағ музлатиб қўйилган. 

Top