19:17 / 01.12.2023
19140

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимида 7 нафар ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатилди 

Шунингдек, 14 та ҳолатда қариндош-уруғчилик ҳолатлари аниқланган. 

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимида Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 5 та ҳолатда 7 нафар ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда вазирлик етакчи мутахассис Ойбек Самадов маълумот берди. 

Хабарда жиноят иши қайси моддалар асосида қўзғатилгани ва ушбу ходимларнинг исми-шарифи, лавозимига аниқлик киритилмаган. 

Қайд қилинишича, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисида 3699 та декларация олинган. Уларда кўрсатилган маълумотларга асосан 14 та ҳолатда қариндош-уруғчилик ҳолатлари аниқланган. Шунингдек, вазирликнинг ҳудудий тузилмаларида жорий йилнинг учинчи чорагига асосан 7 та салбий ҳолат содир этилган. 

Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигида «Коррупция — тараққиёт кушандаси» мавзусида ўтказилган тадбирда маълумот берилди. Унда таъкидланишича, давлат харидларида коррупцияга йўл қўймаслик — қонун ва соҳадаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилиши ҳолатларига оид маълумотларни очиқ ахборот манбаларида эълон қилиб бориш амалий аҳамиятга эга. 

Top