15:40 / 07.12.2023
119573

Ўзбекистонлик ўқувчилар илк марта иштирок этган PISA натижалари эълон қилинди

2022 йилда Ўзбекистон мактаблари 15 ёшли ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича халқаро дастур – PISA имтиҳонларида илк марта иштирок этган эди. Синов натижаларига кўра, ўзбекистонлик болалар 81 та мамлакат орасида математика бўйича 72-ўринни, табиий фанлар ва ўқиш саводхонлиги йўналишларида 80-ўринни эгаллади.

Фото: Халқ таълими бошқармаси

PISA тестининг 2022 йилги натижалари эълон қилинди. Ўтган йилги тестда 81 мамлакатдан 15 ёшли 690 минг ўқувчи қатнашган. Улар ўз мамлакатларидаги 26 миллион ўқувчининг ўртача билимини акс эттиради. 

PISA тестлари ўзи нима?

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OCED) ташаббуси билан ҳар 3 йилда бир марта The Programme for International Student Assessment (PISA) халқаро ўқувчиларни баҳолаш тестлари ўтказилади.

PISA тестлари халқаро тан олинган ўлчовдан фойдаланиб, ўқитиш тизимлари, мактаблар, ўқитувчилар ва ўқувчилардан маълумотларни тўплаб, ўқувчилар билимини баҳолайди.

Бу тест синовлари 2000 йилдан бошланган. 2022 йилдагиси ҳисоб бўйича саккизинчиси бўлди. Тестлар ўқувчиларнинг математика, табиий фанлар ва ўқиш бўйича маҳорат ҳамда билимини синовдан ўтказади. Ўқувчилар 2 босқичда саралаб олинади. 1-босқичида қишлоқ ва шаҳар ҳудудларидан аралаш 150 мактаб танлаб олинади. Кейин ҳар бир мактабдан 42 ўқувчи ихтиёрий танланади. Тест натижалари 3 гуруҳга ажратилади: ўртачадан юқори, ўртача ва паст.

Энг юқори натижа Сингапурда

Натижаларга кўра, математика йўналишида ўзбекистонлик ўқувчилар 81 давлат орасидан 364 балл билан 72-ўринни эгаллаган. Математика саводхонлиги бўйича энг юқори балл қайд этганлар:

  • Сингапур – 575 балл ( 2018 йилдагидан 6 балл ўсиш)
  • Макао (Хитой) –552 балл (6 балл камайиш)
  • Хитой Тайпеи – 547 балл (16 балл ўсиш)
  • Ҳонконг – 540 балл (11 балл камайиш)
  • Япония – 536 балл (9 балл ўсиш)
  • Худди шу йўналишда энг паст балл қайд этганлар:
  • Гватемала – 344 балл (10 балл ўсиш)
  • Салвадор – 343 балл (қатнашмаган)
  • Доминикан республикаси – 339 балл (14 балл ўсиш)
  • Парагвай – 338 балл (11 балл ўсиш)
  • Камбоджа – 336 балл (12 балл ўсиш).

2-йўналиш ўқиш саводхонлиги бўйича ўзбекистонлик ўқувчилар 336 балл билан 80-ўринни эгаллаган. Ўзбекистонга ўхшаш энг паст натижаларни Косова, Иордания, Марокаш ва Камбоджа ўқувчилари кўрсатган.

Ўқиш саводхонлиги бўйича ҳам энг юқори натижани 543 балл билан Сингапур кўрсатган. Ундан кейин Иордания, Япония, Корея ва Хитой Тайпеи ўрин олган.

3-йўналиш табиий фанлар саводхонлиги бўйича Ўзбекистон 355 балл билан 80-ўринни эгаллаган. Бу йўналишда Сингапур 561 балл билан биринчи ўринда турган бўлса, ундан кейин Япония, Макао (Хитой), Хитой Тайпеи ва Корея ТОП 5 таликка кирган. Энг ёмон натижа кўрсатган 5 та мамлакат қаторига эса 360 балл билан Доминикан Республикаси ундан кейин Косова, Филиппин, Ўзбекистон ва охирги ўринда Камбоджа турибди.

Умумий балларда пастлаш кузатилган

Умуман олганда PISA тестларининг 2022 йилги натижалари 3 йўналишда ҳам ўқувчиларнинг ўртача билими орқага кетганини кўрсатади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)га аъзо мамлакатларнинг 25 фоиз ўқувчиси математика, ўқиш ва табиий фанлар саводхонлиги бўйича паст натижа кўрсатган. Бу кўрсаткич ИҲТТга аъзо бўлмаган давлатларда бундан ҳам ёмонроқ. Шундай 18 мамлакат ўқувчиларининг 60 фоизи 3 та фан бўйича ҳам ўта паст балл олишган.

Умумий натижаларга кўра, 2022 йил учун ўртача баллар – математика бўйича 472, ўқишда 476 ва табиий фанларда 485 баллга тенг бўлган.

Ўзбекистонлик ўқувчилар натижалари

Математика, табиий фанлар ва ўқиш саводхонлиги бўйича билимлар 6 та даражага бўлиб ўлчанган. Учала йўналишда ҳам бирорта ўзбекистонлик ўқувчи 5- ёки 6-даражадаги натижани қайд эта олмаган:

Математик саводхонлик бўйича:

  • 14,4 фоиз ўқувчи – 2-даража
  • 4,2 фоиз ўқувчи – 3-даража
  • 0,7 фоиз ўқувчи – 4-даража

Ўқиш саводхонлиги бўйича:

  • 12,2 фоиз ўқувчи – 2-даража
  • 1,8 фоиз ўқувчи – 3-даража
  • 0,1 фоиз ўқувчи – 4-даража

Табиий-илмий саводхонлик бўйича:

  • 16,5 фоиз ўқувчи – 2-даража
  • 2,2 фоиз ўқувчи – 3-даража
  • 0,1 фоиз ўқувчи – 4-даража

Мактабларнинг катта қисми марказлашган

Натижалар эълон қилингач, Ўзбекистон натижалари ҳақида жамоат фаоллари ўз муносабатларини билдирди.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов PISA хулосаларига таяниб, ўқувчиларнинг фанлар бўйича юқори саводхонликка эга бўлиши мамлакатнинг қанчалик бойлигига ҳам боғлиқлигини айтган.

Мамлакат қанча бойроқ бўлса — 15 ёшли ўқувчиларнинг математик қобилияти, ўқиш қобилияти ва илм-фанни билиш қобилияти баландроқ бўлади”, – деб ёзган у.

Шунингдек, Ҳошимов ўқувчилар натижаларига эътибор қаратар экан, минимал (2-даражали) ўқиб матнни тушунадиган ўқувчилар фоизи хавотирли эканини ёзган.

Ҳа, тўғри ўқидингиз, атиги 14 фоиз 15-ёшли ўқувчилар, “ўртача узунликдаги матндаги асосий ғояни аниқлай олади, равшан аниқланган, лекин баъзан мураккаб критерийлар асосида маълумот топа оладилар ва агар равшан қилиб кўрсатилса, матннинг мақсади ва шакли ҳақида фикр юрита оладилар”. Бу дегани, 86% ўқувчиларимиз буни уддалай олмайди”, – деб ёзган у.

Иқтисодчи ўқувчиларнинг бундай ёмон натижа кўрсатишига Ўзбекистондаги 90 фоиз мактабларда таълим марказлашганини ҳам сабаб қилиб кўрсатган.

Жамоат фаоли Исроил Тиллабоев эса илк бор қатнашган барча давлатларда бундай натижа кузатилишини айтиб, бундан фожиа ясамасликни ёзган.

Аниқ режа асосида дарсларни ташкил этиб, кейинги имтиҳонда юқорига чиқишга ҳаракат қилиш керак”, – деган у.

Top