20:00 / 30.01.2024
15565

“Лимончилик сабаб касалликдан фориғ бўлдим” – 250 туп лимондан 10 тонна ҳосил олаётган отахон  

80 ёшни қоралаган Аҳмаджон ота Исмоилов боғдорчилик ҳадисини олган. Бундан 50 йил муқаддам Ёзёвон туманига биринчилардан бўлиб лимон кўчати олиб келиб 1 сотих ерда иссиқхона қурган отахон бугунги кунда 10 тоннадан ортиқ ҳосил олади. Моҳир боғбон ҳамон тетик, ҳатто кетмон ҳам чопади. Лимон етиштиришдаги меҳнати туфайли оғир хасталикдан фориғ бўлган.  

Ёзёвонлик Аҳмаджон Исмоилов қарийб 50 йилдан буён лимончилик билан шуғулланади. Дастлаб 1 сотих майдонда иш бошлаган отахоннинг бугун 26 сотих лимонзори бор. “Донаси 1 сўм бўлган пайтда 100 дона лимонни сумкага жойлаб Қўқон, Андижон, Наманган ва Марғилон шаҳарларига олиб бориб сотиб келардим. Иссиқхонага кириб шохларида уюлиб ётган мевасини кўрганимда кайфиятим кўтарилади”, дейди боғбон.  

“Асли тарих ўқитувчисиман. 43 йил илгари техникумда ишлардим. 1976 йилда кардионевроз касаллиги билан оғридим. Ўша кезларда Тошкент телеканалида ўзбек лимончилик мактаби асосчиси Зайниддин Фахриддинов ҳақида кўрсатув кўриб қолдим.

Зайниддин Фахриддинов, ўзбек лимончилик мактаби асосчиси

Цитрус мева ҳақидаги гапларни, фойдали томонларини эшитиб, лимон боғи ташкил қилиш нияти пайдо бўлди ва шу кундан ҳаракатни бошладим. У пайтлар лимоннинг донаси 1 сўм эди, бу пулга эса 10 та нон сотиб олиш мумкин эди.

Кўчатини ахтариб кўп жойга бордим. Амаллаб топиб 1 сотих жойга 15 туп кўчат ўтқаздим. Бугунга келиб 26 сотих ерда лимон боғим бор. 31 ёшимда касалликка чалинган эдим, ҳозир 78 ёшга кирдим, шукурки, касалликдан буткул фориғ бўлдим. Ҳар куни лимонхонага кириб меҳнатларим самарасини кўриб қувониб кетаман. Лимон сабабли соғайдим, дея таъкидлайди боғбон.

 

Аҳмаджон Исмоиловнинг ҳикоя қилишича, у аввалига ҳосилни бозорга олиб чиқиб сотишга бироз уялган. Сабаби, у пайтларда ўқитувчининг савдо-сотиқ билан шуғулланиши уят саналган. Аммо кейинчалик бунга кўникиб кетган.

“Биринчи марта 100 дона лимонни узиб, Фарғона шаҳрига бозорга олиб бордим. 2 соатда сотиб тугатдим. Ўшанда лимонларим пули 100 сўм пул бўлди, бир ойлик маошим эса 95 сўм эди. Шундай қилиб бир ойлик маошимни 1 кунда лимондан топиб қўйдим”, дея эслайди отахон.

Боғбон аста-секин бўш вақтларида ҳосилни Қўқон, Андижон, Наманган, Марғилон шаҳарларига олиб бориб сотиб келадиган бўлган. 

“Ўзбекистонда лимон етиштириш бошланганига 50 йилдан ошди, мен эса 43 йилдан бери лимондан даромад қиламан. Иссиқхонада 250 туп лимон бор, 10 тоннадан ортиқ ҳосил оламан”, дейди Аҳмаджон Исмоилов. 

Боғбоннинг қўшимча қилишича, ўтган йили қиш совуқ келгани учун кўп жойда лимонларни совуқ уриб кетди. Шунинг учун нарх кўтарилган. Яхши парвариш қилинса лимон одамни бой қилади. Ёзёвон шароитида 1 туп лимон камида 50 кг мева беради, Қува, Наманган ерларида 100 килограммдан ҳам ошиқ ҳосил бериши мумкин экан.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Монтаж устаси: Низомжон Тошпўлатов

Top