09:49 / 31.01.2024
6503

“Ўрмонқурилиш” ДУК ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги халқаро марказ мансабдорлари пора билан ушланди

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Бош прокуратура

“Ўрмонқурилиш” ДУК ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги халқаро марказ мутасаддилари пора олгани учун ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Фарғона вилоятида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектининг мурожаати асосида Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳузуридаги “Ўрмонқурилиш” ДУК ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро марказида текшириш ўтказилган.

Текширишда ушбу ташкилотларнинг мансабдор шахслари ўзаро жиноий тил бириктириб, тадбиркордан қурилиш лойиҳалари бўйича пудрат шартномаларини расмийлаштириш эвазига тамагирлик йўли билан 43 минг доллар ва 111,5 млн сўмни пора тариқасида қўлга киритишгани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларига киришилди.

Агарда Сиз Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳузуридаги “Ўрмонқурилиш” ДУК ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро марказидаги ходимларнинг мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва бошқа коррупциявий қилмишларда ифодаланган ноқонуний хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган бўлсангиз Бош прокуратурага мурожаат қилишингизни сўраймиз”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Top