Яшнобод тумани Махтумқули кўчасида 2 та автобус тўқнашиши оқибатида электробусга техник зарар етди. Ҳайдовчи оралиқ масофани сақламай транспортни тўхтатгани сабаб автобус қирилгани маълум қилинди. Воқеада жароҳатланганлар йўқ.
Тармоқларда 2 та Yutong русумли электробус ҳайдовчисининг пойга ўйнагани сабаб бир-бири билан тўқнашиб, ойнасини синдиргани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” муносабат билдирди. Унга кўра, воқеа 7 феврал куни соат 11:00 да кузатилган. Яшнобод тумани Махтумқули кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган 28-сонли йўналиш ҳайдовчиси автобусни Успенский номидаги мусиқа мактаби бекатига тўхтатаётган вақтида шу бекатда туриб йўловчи тушираётган 44-сонли автобусга техник зарар етказган.
“44-сонли автобус билан ёнлама оралиқ масофани сақламагани оқибатида 28-сонли автобуснинг ўрта эшик қисми ҳамда 44-сонли автобуснинг чап томон орқани кўриш ойнасининг корпус қисми билан бир-бирига тегиб қирилган”, – дейилади расмий хабарда.
АЖ содир этилган тўқнашувда тан жароҳати олганлар йўқлигини қўшимча қилган. Ҳозирда ЙТҲ Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмоқда.