12:51 / 07.02.2024
8912

Умра хизматини кўрсатиш бўйича ноқонуний реклама тарқатган иккита фирмага чора кўрилди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Умра лицензияси бўлмай туриб, фуқароларни бу зиёратга юбориши ҳақида ноқонуний реклама тарқатгани учун Қорақалпоғистонда иккита фирмага нисбатан иш очди.

Фото: Kun.uz

Қорақалпоғистонда Умра хизматларини кўрсатиши ҳақида ноқонуний рекламалар тарқатган иккита корхонага нисбатан иш очилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар бермоқда.

Хабарда “Умра тадбирларини лицензияга эга бўлмаган ҳолда фаолият юритаётган ва лицензияси бор маҳаллий туроператорлар билан ҳамкорликда фуқароларни зиёратга юборишга ҳаракат қилаётган воситачилар” ҳақида сўз боради.

Таъкидланишича, бундай воситачилар Умра хизматларини кўрсатиш мақсадида ўз номларидан ноқонуний рекламалар жойлаштириб бормоқда.

Шундай ҳолатлар бўйича қўмитага Туризм қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасидан мурожаат келиб тушган. Мурожаат асосидаги ўрганишларда аниқланишича, бугунга қадар Қорақалпоғистонда Умра лицензияига эга туроператорлар мавжуд эмас, улар Тошкент шаҳри ва вилоят туркомпаниялари билан ҳамкорликда зиёратларни ташкил этишда иштирок этмоқда.

“Шунингдек, мурожаатда билдирилган “Iskander Tours” ҳамда “OKS Tours” МЧЖлар лицензияси мавжуд эмаслиги, шунга қарамай, ижтимоий тармоқларда Умра хизматларини кўрсатишга қаратилган ноқонуний рекламалар жойлаштириб бораётгани аниқланган”, – дейилади хабарда.

Таъкидланишича, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига биноан, тегишли сертификатлари ва лицензиялари мавжуд бўлмаган товарларни реклама қилишга йўл қўйилмайди.

Шунга кўра, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш органининг махсус комиссияси томонидан, 2024 йил 1 феврал куни Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарори билан тасдиқланган низомга асосан, “Iskander Tours” ҳамда “Oks Tours” МЧЖларга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилган. Шунингдек, икки фирмага бу ҳолатни бартараф этиб, келгусида бундай ҳолатга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиш лозим бўлган кўрсатмалар берилган.

Таъкидланишича, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўз ваколати доирасида ноқонуний рекламаларнинг олдини олиш мақсадида мунтазам равишда рекламалар назоратини олиб бормоқда.

“Ҳурматли фуқаролар! Умра зиёратига боришдан аввал биринчи навбатда, хизмат кўрсатувчи корхонанинг лицензияси билан танишинг, сўнг рекламада берилган маълумотларга жиддий эътибор бериб, ишонч ҳосил қилинг. Ноқонуний рекламаларга дуч келиб, бу борада ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда Рақобат қўмитасининг 1159 ишонч телефонига мурожаат қилинг”, – дейилади расмий баёнотда.

Top