13:30 / 27.02.2024
1153

Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш қоидалари эълон қилинди

“Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш қоидалари тасдиқланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан биргаликда ҳудудларда маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларининг тасдиқланган қоидаларига мувофиқ ташкил этилишини таъминлайди.

Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш қоидаларига кўра, улар чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотлар томонидан маиший, қурилиш чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш, санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини яратиш ва улардан фойдаланиш ҳамда кўрсатилган хизматлар учун жисмоний ва юридик шахслар томонидан ундирилган тўловларнинг тартибга солиш тизимини белгилайди.

Қоидалар радиоактив ва биологик чиқиндилар, даволаш-профилактика муассасалари чиқиндилари, зарарли моддаларни атмосферага чиқариб ташлаш ва оқова сувларни уларни чиқариб юбориш тармоқлари орқали оқизиб юбориш билан боғлиқ ишлар соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга келтириладиган муносабатларга татбиқ этилмайди.

Санитария жиҳатидан тозалаш ишларига ҳудудларни (ободонлаштириш объектлари, турар жой ва ташкилотлар ҳудудини) тозалаш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш ишлари киради.

Ҳудудларни тозалаш:

  • ободонлаштириш объектларида – шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари томонидан;
  • кўп квартирали уйлар атрофидаги ҳудудларда – хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки бошқарувчи ташкилотлар томонидан;
  • якка тартибдаги турар жой уйлари ва ташкилотларнинг ер участкаларида ажратилган ер участкаси доирасида – жисмоний ва юридик шахслар (ер участкалари эгалари, мулкдорлари ёки доимий фойдаланувчилари, шунингдек, ижарага олувчилар) томонидан;
  • автомобил йўллари ва сунъий йўл иншоотларида ажратилган ер участкаси доирасида – ушбу объектларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар (балансда сақловчилар) томонидан;
  • темирйўлларда ажратилган ер участкаси доирасида (чуқур қиялик ва кўтармалар, темирйўлни кесиб ўтиш ва айланиб ўтиш жойлари ва ҳ.к.) – ушбу объектларга хизмат кўрсатувчи темирйўл ташкилотлари томонидан;
  • бозорлар ҳудуди ва уларга туташ ҳудудларда – бозорлар маъмурияти томонидан;
  • жамоат йўловчи транспорти бекатларида жойлашган вақтинчалик савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида – ушбу объект эгалари томонидан (агар ижара шартномаларида бошқалар назарда тутилмаган бўлса);
  • савдо дўконлари ёки бошқа савдо нуқталарига, шу жумладан, кўчма шохобчаларга туташ ҳудудларда 5 метр радиусда – кичик чакана савдо ва умумий овқатланиш (озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ва умумий овқатланиш соҳасида хизматлар кўрсатиш палаткалари, дўкончалари), шунингдек, маиший хизмат кўрсатиш (пойабзал таъмирлаш ва шу кабилар) соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар томонидан амалга оширилади.

Ҳудудларни йил мавсумлари бўйича тозалаш баҳор-ёзги ва куз-қишки тозалаш ишларидан иборат бўлади.

Top