13:42 / 04.03.2024
4570

WSJ: Россия махсус хизматлари сафарбарлик вақтида хориждаги тармоқларини кенгайтирди

Россиянинг Украинага қарши уруши пайтида кўплаб Ғарб давлатлари юзлаб россиялик дипломатларни жосусликда айблаб чиқариб юборди, бироқ Россия махсус хизматлари хорижликлардан фойдаланяпти, деб ёзади WSJ. 

Фото: Maxim Shemetov/File Photo/REUTERS

Сафарбарликдан қочиш учун Россиядан эмиграция мамлакат махсус хизматларига чет элдаги агентлар тармоғини тиклашга имкон берди. Бу ҳақда 3 март, якшанба куни Американинг The Wall Street Journal (WSJ) нашри номи ошкор этилмаган европалик расмийларга таяниб ёзмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, махфий разведка ходимлари Россия Федерациясидан чиқиб кетаётган одамларга қўшилган.

Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери кўплаб Ғарб давлатлари жами 400 га яқин россиялик дипломатни жосусликда айблаб, мамлакатдан чиқариб юборган, дея таъкидлайди газета. Бироқ, бу вақт ичида Россия махсус хизматлари ҳам қўл қовуштириб ўтирмади, деди Америка ва Европа разведка хизматлари вакиллари WSJ’га.

Нашр суҳбатдошлари таъкидлашича, Россиянинг учта асосий разведка хизмати - Федерал хавфсизлик хизмати, Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси ҳарбий разведкаси ва Ташқи разведка хизмати ўртасидаги чегаралар тобора йўқолиб бормоқда. Хусусан, «ФСБ»нинг ҳарбий контрразведка бошқармаси Украинада уруш бошланганидан бери кучайиб, разведка хизмати энг йирик бўлинмасига айланди, дейди хавфсизлик бўйича таҳлилчилар. Шу тариқа, муайян операция учун айнан ким жавобгар эканлигини аниқлаш қийинлашади, деб ёзади WSJ. 

WSJ: Россия разведкаси хорижликлардан фойдаланяпти 

Бундан ташқари, Россия махсус хизматлари ўз амалиётида хорижий фуқаролардан тобора кўпроқ фойдаланмоқда, дея қўшимча қилди нашр суҳбатдошлари. Шу тариқа, 2023 йил апрел ойида Красноярск ўлкаси собиқ губернатори Александр Усснинг ўғли Артем Италияда уй қамоғидан серб жиноий гуруҳи ёрдами билан қочиб кетди ва АҚШга экстрадициядан қутулиб қолди. Кичик Усс Россияга қарши санкцияларни бузганликда айбланиб, ҳибсда сақланган. 

Шу йили Британия ҳуқуқ-тартибот идоралари Москва фойдасига жосусликда, жумладан, Лондонда Россиядан келган сиёсий муҳожирларни кузатганликда айбланган беш болгарни ҳибсга олди. Улар устидан суд октябр ойида бўлиб ўтади. 

Испаниядаги тергов учувчи Кузминов ўлимига Кремл алоқадорлигини кўрмоқда 

Феврал ойи ўрталарида Испанияда ҳарбий учувчи Максим Кузминовнинг ўлдирилиши журналистлар томонидан эътибордан четда қолмади. 2023 йилда учувчи Украинага Ми-8 вертолётини олиб қочди. Испания расмийлари ҳозирча жиноятда гумонланувчи шахсни аниқламади. Тергов Кузминовни ўлдириш буйруғи Кремлдан келган, деб ҳисобламоқда, деди WSJ’га терговда иштирок этаётган расмий. 

Top