07:55 / 04.04.2024
5836

2024 йилнинг март ойида бир нечта совуқ тўлқинлар кузатилди

Ўзбекистонда ойнинг биринчи 10 кунлиги ҳарорат тартиби бўйича меъёрдан 1-4 даражага совуқроқ, иккинчи 10 кунлиги эса меъёрга яқин, баъзи жойларда меъёрдан 1-2 даражага совуқроқ бўлди. Учинчи ўн кунлик одатдагидан 1-2 даражага илиқ бўлди.

Фото: Kun.uz

Иқлим маълумотлари ва кузатилган март ойлари каби жорий йилнинг март ойи ҳам одатдагидек бўлди.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, ойнинг биринчи ўн кунлиги ҳарорат тартиби бўйича меъёрдан 1-4 даражага совуқроқ, иккинчи ўн кунлиги эса меъёрга яқин, баъзи жойларда меъёрдан 1-2 даражага совуқроқ бўлди. Учинчи ўн кунлик энг илиқ - одатдагидан 1-2 даражага илиқ бўлди.

Ҳудуднинг катта қисмида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлди.

Март ойида бир нечта совуқ тўлқинлар кузатилди. Республиканинг шимолида, жанубида ва Фарғона водийсида энг паст ҳаво ҳарорати биринчи ўн кунликда - шимолда -6...-11 даража совуқ, жанубда ва Фарғона водийсида -0...-5 даража совуқ, Сурхондарё вилоятининг айрим жойларида ва Қашқадарё вилоятининг тоғолди ҳудудларида -7...-9 даража совуқ қайд этилди.

Одатда март ойида энг совуқ ҳаво кириб келмайдиган республиканинг энг чекка жанубида ҳавонинг бундай кучли совиши циркуляцияга, тропосферанинг ўрта қатламларидан совуқ тортилишида юқори циклон вужудга келиши билан боғлиқдир.

Энг кучли совуқ тўлқинлар марказий ҳудудларда ҳароратни -2...-7 даража совуққача, баъзи жойларда -10 даража совуққача пасайишда ойнинг ўрталарида кузатилди.

Март ойининг учинчи ўн кунлигида ҳаво энг илиқ бўлди. Кундузи ҳаво ҳарорати +25...+28 даражагача, шимолда ва жанубда +29...+30 даражагача кўтарилди.

Ўтган март ойида ҳарорат рекордлари қайд этилмади. Ўзбекистон ҳудуди бўйича минимал ва максимал ҳаво ҳарорати 1961-2023 йиллар давридаги минимал ва максимал ҳарорат қийматларига, шунингдек, кузатувларнинг бутун қатори учун мутлақ минимал ва максимал даражага етмади.

Ҳудуднинг аксарият қисмида март ойида ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан кўп ва меъёр атрофида, Фарғона водийси ва республика жанубида баъзи жойларда меъёрдан кам бўлди.

Биринчи ва иккинчи ўн кунликларда Ўзбекистоннинг текислик ҳудудларида ёмғир қорга айланиши ҳолатлари кузатилди, бунда қисқа муддатли қор қоплами ҳосил бўлди. Марказий ва ҳатто жанубий вилоятларда қор баландлиги 4-25 смга етди.

Айрим кунларда республика бўйича баъзи жойларда момақалдироқ ва шамолнинг кучайиши билан кучли ёмғирлар  ёғди. Тошкент, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг тоғолди ва тоғли ҳудудларида бир кеча-кундузда ёғингарчилик миқдори ойлик норманинг 30-60 фоизга етди.

12 март куни Тошкентда 27 мм ёмғир ёғди, бу март ойи меъёридан 40 фоизни ташкил этади.

Тошкент, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари ва ҳудудларни сув босиши қайд этилди.

Top