08:37 / 10.04.2024
1830

Уч ойда маъмурий судлар томонидан қанча иш кўриб чиқилгани айтилди

Жорий йилнинг биринчи чораги давомида маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 3 696 та иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 1 523 та фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.

Фото: Kun.uz

Олий суд хабарига кўра, ҳисобот даврида маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги 3 273 та иш кўриб чиқилди.

Хусусан, ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ кўриб тамомланган ишлар сони 1 947 тани ташкил қилиб, шундан жисмоний ва юридик шахсларнинг 864 та аризаси қаноатлантирилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган маъмурий судлар томонидан апелляция тартибида 964 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 108 та қарор бекор қилиниб, 4 та қарор ўзгартирилди.

Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 265 та шикоят ва протест ўрганиб чиқилиб, шундан 86 таси иш материаллари асосида кўриб чиқилди. Натижада қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 16 таси бекор қилиниб, 1 таси кўрмасдан қолдирилди, 1 таси иш юритишдан тугатилди ва 65 таси ўзгаришсиз қолдирилди. Шунингдек, апелляция инстанциясида 2 та ва кассация инстанциясида 1 та иш кўрилиб чиқилиб, суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилди.

Top