11:42 / 14.04.2024
22024

«Халқаро майдонда баланс бузилди» — Шавкат Мирзиёев дунёдаги нотинчлик ҳақида гапирди

Президент мамлакат тинчлигини сақлаш, аҳолини даромад ва муносиб шароит билан таъминлаш учун барқарор ва тез суръатларда ўсадиган иқтисодиёт кераклигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 9 апрел куни Жиззах вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда дунёда содир бўлаётган воқеалар хусусида гапирган. Давлат раҳбари нутқи шанба куни «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатувида намойиш этилди.

«Жаҳонда нималар бўлаётганини сиёсатдан узоқ одам ҳам кўриб, биляпти. Мен сиёсатчи эмас, деган одам ҳам шуни кўриб, тушуниб етяпти. Жуда кўп масалалар бор – ечими йўқ. Халқаро майдонда баланс бузилди. Қонун-қоидалари мутлақо ўзгарди. Ҳатто дўстим деб юрган давлатлар ўртасида ўзаро ишонч йўқ бўлди, десак, бу ҳам адолатли», – деган президент.

У эртага нотинчлик кўлами қаергача кенгайишини ҳеч ким билмаслигини таъкидлаган.

«Бу гапларни сизларга нима учун айтяпман? Бу мусаффо мустақилликнинг қадрига етяпмизми, йўқми? Ташқаридан таҳлика, нима бўлишидан қатъи назар, агар биз одамларимизни рози қилсак, ўша таҳдидга биз тайёр бўла оламиз.

Мамлакатимизда тинчликни сақлаш, одамларимизни даромадли қилиш, уларга муносиб шароит яратиш учун бизга барқарор ва тез суръатларда ўсадиган иқтисодиёт керак. Юқори даромадли янги иш ўринлари, экспорт керак. Мана шу айтган нарсаларимнинг тагида битта нарса бор – фидойилик ва ватанпарварлик керак. Энг катта нарса – онг ўзгариши керак. Пировардида иш ўрни, одамларни инонтириш, давлат сиёсатига хизмат қилиш керак бўлади. 

Барибир қилдираман. Қилдираман. Худо менга соғлик бериб, умр берса, шундай кунлар келадики, бизда камбағал, ишсизлик бўлмайди. Нимага, десангиз, бунга мен етти йил умримни қўйдим, бунга тизим яратдим, қонун яратдим, дунёни очиб бердим. Халқим фаровон яшасин, ниятлари амалга ошсин, болалари фаровон бўлсин, бахтли бўлсин, неваралари соғлом туғилсин, тиббиёти ишласин, мактаби ишласин, йўллари равон бўлсин, деб ишга келдим мен. Ўзбек халқини ким ўйлайди, биз ўйламасак?» – деди президент.

Top