11:01 / 26.06.2024
3500

Исроил суди ултра-ортодоксал талабаларни армияга чақириш ҳақида қарор чиқарди

Исроил Олий суди ҳукуматга ултра-ортодоксал яҳудийларни умумий асосда ҳарбий хизматга чақиришни буюрди. Исроил матбуоти суд қарорини «тарихий» деб атади.

Фото: Menahem Kanaha/AFP/Getty Images

Исроил Олий суди 25 июн, сешанба куни бир овоздан қабул қилинган қарор билан ҳукуматга ўта ортодоксал яҳудийларни армияга чақиришни буюрди, мамлакатда энди буни кечиктириш ва уларни бошқа чақирилувчилардан ажратиш учун қонуний асос йўқ. The Times of Israel суд қарорини «тарихий» деб атади: у «ўнлаб йиллар давом этган» жамоатчилик муҳокамасига нуқта қўйди.

Суд қарорида айтилишича, ҳукумат энди иешива (диний мактаблар) талабаларини ҳарбий хизматдан озод қилиш ҳуқуқига эга эмас ва ултра-ортодоксал яҳудийлар 1986 йилда қабул қилинган Армия хизмати тўғрисидаги қонунга мувофиқ, умумий асосда чақирилиши керак. 

Суд, шунингдек, давлатга ҳарбий хизматдан озод қилинмаганлар учун иешивада таълим олишини молиялаштиришни тўхтатишни буюрди. 

Ултра-ортодоксал партиялар суд қарорини танқид қилмоқда 

Бош вазир Бинямин Нетаняҳу коалицион ҳукуматидаги ўта ортодоксал партиялар вакиллари Олий суд қарорини қаттиқ танқид қилди, деб ёзади The Times of Israel. ШАС партияси раиси Аре Дери Таврот - «Исроилнинг барча душманларга қарши яширин қуроли» эканлигини ва «дунёдаги ҳеч бир куч» яҳудий халқининг уни ўрганишига тўсқинлик қила олмаслигини айтди. 

Ўта ортодоксал партияларнинг кескин норозилиги ҳукмрон коалиция парчаланишига таҳдид солмоқда, деб ёзади «Исроил янгиликлари» портали. 

Нетаняҳу ҳукумати иешива талабалари учун кечиктиришни узайтиради 

2017 йилда Олий суд ултра-ортодоксалларни армияга чақирмасликка рухсат берувчи қонунни бекор қилди, бироқ Бинямин Нетаняҳу ҳукумати махсус фармонлар орқали улар учун кечикишларни мунтазам равишда узайтирди. Ҳукумат назарий жиҳатдан бундай фармонларни қайта қабул қилиши мумкин бўлса-да, буни амалга ошириш «сиёсий жиҳатдан қийин» бўлади, чунки Нетаняҳунинг «Ликуд» партиясидан бир неча қонун чиқарувчилар буни қўллаб-қувватламасликларини айтишган, деб ёзади The Times of Israel.

Top