16:39 / 28.03.2024
7630

Японияда тагликлар ишлаб чиқарувчи компания катталар учун маҳсулот чиқаришга ўтади

Японияда катталар учун тагликлар ўн йилдан кўпроқ вақт давомида болалар тагликлариникидан кўпроқ сотилмоқда.

Фото: Getty Images

Япониянинг Oji Holdings компанияси мамлакатда болалар тагликларини ишлаб чиқаришни тўхтатади ва асосий эътиборни катталар бозорига қаратади. Бу ҳақда компания сайтида хабар берилган. 

«Oji Nepia шуъба корхонаси Oji Holdings шу йилнинг сентябр ойида ўзининг болалар учун бир марталик тагликлар бизнесини тўхтатишга қарор қилди. Японияда биз катталар учун бир марталик тагликлар бизнесимизни кучайтирамиз», дейилади хабарда. 

Бироқ компания ушбу маҳсулотларни хориж бозорларида, хусусан, бозор ҳажми ўсишда давом этаётган Малайзия ва Индонезияда ишлаб чиқаришни давом эттириш ва кенгайтириш ниятида. 

Oji Holdings Японияда шундай қарор қабул қилган охирги компаниядир, дея таъкидлайди BBC. 

Мамлакат тез қаримоқда ва туғилиш даражаси рекорд даражада паст. Японияда катталар тагликлари ўн йилдан кўпроқ вақт давомида болалар тагликлариникидан кўпроқ сотилмоқда.

2023 йилда Японияда туғилган чақалоқлар сони – 758 631 нафар – ўтган йилга нисбатан 5,1 фоизга камайган. Бу, шунингдек, ХІХ асрдан буён Японияда туғилганлар сонининг энг паст кўрсаткичидир. 1970-йилларда бу кўрсаткич 2 миллиондан ошган. 

Oji Holdings баёнотида айтилишича, унинг шуъба корхонаси Oji Nepia ҳозирда йилига 400 миллион болалар тагликларини ишлаб чиқаради. Ишлаб чиқариш 2001 йилдан бери пасайиб бормоқда, ўшанда компания 700 миллион таглик ишлаб чиқарган. 

2011 йилда Япониянинг энг йирик тагликлар ишлаб чиқарувчи Unicharm ширкати ўзининг катталар учун таглик маҳсулотлари сотуви болалар маҳсулотидан ошиб кетганини маълум қилганди. 

Айни пайтда, катталар учун тагликлар бозори ўсиб бормоқда ва унинг қиймати 2 миллиард доллардан ошади. Япония ҳозирда дунёдаги энг кекса аҳолига эга давлатлардан бири бўлиб, японларнинг қарийб 30 фоизи 65 ва ундан катта ёшда. Ўтган йили мамлакатда 80 ёшдан ошганлар салмоғи биринчи марта 10 фоиздан ошди.

Top