20:51 / 03.05.2024
15990

«Бундай урушлар фақат келишувлар билан якунланади» — Украина разведкаси генерали

Украина разведкаси раҳбари ўринбосари Вадим Скибицкий урушни фақат жанг майдонида ютиб бўлмаслигини айтди.

Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи ўринбосари, генерал Вадим Скибицкий The Economist учун интервюсида Россия армиясининг келгуси ҳаракатларини прогноз қилди ва Украина қуролли кучларининг фронтдаги истиқболларини баҳолади. Унинг сўзларига кўра, вазият Россия босқини бошланганидан буён кузатилмаган даражада оғир ва янада оғирлашиши мумкин. Ғарб нашридаги материал «Украина ҳалокат ёқасида» сарлавҳаси билан эълон қилинган. Қуйида Скибицкийнинг асосий гаплари келтирилади.

«Часив Яр бой берилиши — вақт масаласи»

Россия ўзи Донецк ва Луҳанск областларини тўлиқ «озод этиш» деб атайдиган режасини амалга оширишда давом этмоқда. 9 майдаги Ғалаба куни ёки Путиннинг ундан бир ҳафта кейин амалга ошириладиган Хитойга ташрифига қадар «қаернидир эгаллаш» бўйича буйруқ бор. Олдинга силжиш тезлиги ва муваффақиятга эришилиши россияликлар кейинги зарбани қаерда беришини белгилаб беради. «Бизнинг муаммо жуда оддий: бизда қурол йўқ. Улар ҳамиша апрел ва май биз учун жуда қийин бўлишини билиб туришарди».

Ҳозирда энг ташвишли вазият Часив Ярда кузатилмоқда, бу қўрғон Россия армияси учун Донецк областида оккупация қилинмаган сўнгги шаҳарларга йўл очадиган таянч пунктидир. Часив Яр бой берилиши, катта эҳтимол билан фақат вақт масаласи бўлиб қолган. Албатта, бугун ёки эртага эмас, аммо барчаси захиралар ва етказмаларга боғлиқ. Украина армияси фронтдаги вазиятни барқарорлаштиришдан йироқда, Россия армияси эса «аниқ режа ва ягона қўмондонлик остидаги ягона орган» сифатида ҳаракатланмоқда.

Харкив ва Суми областларидаги юриш

Ҳозирда Россия Украина шимоли-шарқида, Харкив ва Суми областларига юриш қилишга ҳозирланмоқда. Бу режалар амалга оширилиши Украинанинг Донбассдаги мудофааси қанчалик барқарор қолишига боғлиқ. Асосий зарба «май ойи охири ёки июн бошида» бошланади.

Россия армияси Украинадаги амалиётида 514 минг нафар ҳарбий хизматчини ҳаракатлантирмоқда. Харкив яқинидаги чегаранинг нариги томонидаги Шимолий гуруҳ сафида 35 минг ҳарбий бор, аммо бу гуруҳ миқдорини 50-70 минг кишига қадар ошириш режалаштирилган. Шунингдек, РФ мудофаа вазирлиги Россия марказида, кейинроқ асосий кучларга қўшилиши мумкин бўлган «захира дивизиялари»ни (15 мингдан 20 минг кишигача) тузмоқда. 

Бундай ресурслар йирик шаҳарларни эгаллаш бўйича амалиётлар учун «етарли эмас», аммо улар нисбатан кичикроқ вазифалар учун етарли бўлиши мумкин. «Кириш ва чиқиш учун тезкор амалиёт ўтказиш — мумкин. Аммо Харкив ёки ҳатто Сумини эгаллаш бўйича амалиётлар — булар бутунлай бошқа иш. Россияликлар буни билишади. Биз ҳам».

Беқарорлаштириш бўйича уч даражали режа

Май ойи муҳим аҳамиятга эга, чунки Россия Украинани беқарорлаштириш бўйича «уч даражали» режани амалга оширади. Биринчи ва асосий фактор — ҳарбий. Иккинчи фактор — Украинада сафарбарлик ва Володимир Зеленскийнинг сиёсий легитимлигига путур етказишга қаратилган Россия дезинформация кампанияси олиб борилиши. Украина президенти ваколатлари расман 20 май куни якунига етади, аммо Конституцияга кўра ҳарбий даврда унинг президентлик муддати чексиз узайтирилиши мумкин. Учинчи фактор — Россиянинг Украинани халқаро майдонда яккалантириш бўйича тўхтамаётган кампанияси. «Улар вазиятни ёмонлаштиришиш учун ҳар қандай йўлдан фойдаланишади».

«Бундай урушлар фақат келишувлар билан тугайди»

Бош разведка бошқармаси Украина урушни фақат жанг майдонида ютиши учун имкониятларни кўрмаяпти. Ҳатто агар Украина Россия қўшинларини чегара ортига суриб ташлаганида ҳам, бу эса жуда узоққа чўзилиши ойдинлашмоқда, бу уруш тўхтайди дегани эмас. Бундай урушлар фақат келишувлар билан тугатилиши мумкин.

Ҳозирда икки томон ҳам эҳтимолий музокаралар олдидан «нисбатан қулайроқ позиция»га эга бўлиш учун курашмоқда. Аммо мазмунли музокаралар 2025 йилнинг иккинчи ярмидан олдинроқ бошланиши имконсиз. Бу вақтга бориб Россия «рўпарадан эсадиган шамоллар»нинг жиддий қаршилигига учрай бошлайди. Россиянинг ҳарбий ишлаб чиқариш салоҳияти ошмоқда, аммо 2026 йил бошига бориб, материаллар ва мутахассислар етишмовчилиги туфайли ўсишдан тўхтайди. Алал-оқибат икки томон ҳам қуроллар етишмовчилигига дуч келиши мумкин. Аммо агар бошқа йўналишларда ҳеч қандай чора кўрилмаса, Украина биринчи бўлиб қуролсиз қолади.

Шу нуқтайи назардан, энг катта ва номаълум фактор Европа бўлиб қолмоқда, у агар Украинага ёрдам бериш учун ўз ҳарбий саноатини юксалтирмаса, ўзи Россиянинг нишонига тушиши мумкин. «Россияликлар Болтиқ бўйини етти кунда эгаллашади. НАТО реакцияси — ўн кунда бўлади». Украинанинг жасорати ва фидойилиги тўғридан тўғри таҳдидни камида ўн йилга бекор қилиб, Европага кўп йиллик имконият тақдим этди. Масала шундаки, Европа бу яхшиликни қайтарадими? «Биз курашни давом эттирамиз. Бизда бошқа танлов ҳам йўқ. Биз яшашни хоҳлаймиз. Аммо уруш натижаси биргина бизга боғлиқ эмас».

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top