11:51 / 29.03.2024
6189

Латвия ТИВ раҳбари махсус рейслар билан боғлиқ можаро туфайли лавозимини тарк этади

У бош вазирлик пайтида 32 марта шахсий самолётларда чет эл сафарларига борган ва бу бюджетга 613 минг еврога тушган.

Фото: ELTA / ANDRIUS UFARTAS

Латвия ташқи ишлар вазири Кришянис Каринш хизмат сафарлари учун махсус рейсларда бюджет маблағларининг исроф қилиниши билан боғлиқ можаро фонида ўз лавозимини тарк этишга қарор қилди. Бу ҳақда 28 март, пайшанба куни Латвия ОАВ Каринш ва мамлакат бош вазири Эвика Силиня ўртасидаги музокаралар якунлари бўйича хабар берди

Каринш 10 апрел куни истеъфога чиқади, эртаси куни Латвия Сеймида янги ташқи ишлар вазири номзоди бўйича овоз берилиши кутилмоқда. У 2023 йил июлидан буён ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келган ва ўша йилнинг сентябр ойида лавозимга тўлиқ киришган. 2019 йил январидан 2023 йил сентябригача Каринш Латвия бош вазири лавозимида ишлаган. 

Бюджет маблағлари талон-торож қилиниши бўйича жиноий иш 

22 март куни Латвия Бош прокуратураси Кариншнинг бош вазирлик даврида хизмат сафарлари учун махсус рейслардан фойдалангани муносабати билан давлат маблағларини ўзлаштириш эҳтимоли бўйича жиноий иш қўзғатди. Давлат канцелярияси маълумотларига кўра, 2021 йил сентябридан 2023 йил сентябрига қадар бундай рейслар учун бюджетдан 613 830 евро, Европа Иттифоқи қоплаган харажатларнинг бир қисми билан бирга 1,36 миллион евро сарфланган. 

Бу жамиятда танқидлар тўлқинига сабаб бўлди ва Латвиядаги коррупцияга қарши идоралар тергов бошлади, деб ёзади Delfi. 

Латвия ТИВ раҳбари лавозимига ҳозирча номзод йўқ 

Истеъфога чиқишини эълон қилишдан олдин Каринш билан учрашган амалдаги бош вазир Силиня ТИВ раҳбарининг лавозимидан кетиш ҳақидаги қарорини Бош прокуратура томонидан жиноий иш қўзғатилгани сабабли «муносиб ғарб сиёсатчисининг қадами» деб атади. Силиня бу лавозимга ҳали номзод танламаганини таъкидлади. 

ОАВ хабарларига кўра, Каришнинг вориси Сейм депутати Занда Калниня-Лукашевица бўлиши мумкин, у ташқи ишлар соҳасида кўп йиллик тажрибага эга ва аввал Ташқи ишлар вазирлигида парламент котиби лавозимида ишлаган. 

Top