07:30 / 30.04.2024
21099

Германияда икки украиналикнинг ўлдирилиши: янги тафсилотлар

Яраланганидан кейин тикланиш учун Бавариянинг Мурнау шаҳрида бўлган икки украиналик ҳарбийнинг ўлими украиналикларни шокка тушириб қўйди. DW қотил ва жиноят тафсилотлари ҳақида маълумот берди.

Фото: Constanze Wilz/dpa/picture alliance

Бавария жанубида Гармиш-Партенкирхен яқинидаги Мурнау шаҳри полициясига кўра, 27 апрел, шанба куни соат 17:20 да маҳаллий хизматларга Tengelmann Center савдо маркази ёнида икки ярадор одамни кўрган ўткинчи қўнғироқ қилган. Тез ёрдам шифокорлари етиб келганида уларнинг энг каттаси, 36 ёшли Владимир К. вафот этган. 23 ёшли Вячеслав Б. шифохонага етказилган, бироқ кўп ўтмай ҳаётдан кўз юмган. Иккала ҳолатда ҳам ўлимга олиб келадиган жароҳатлар пичоқ билан берилган. 

Қотиллик жойи - савдо маркази ёнидаги кичик майдон. «Бу одамлар учрашадиган жой», - дея полиция вакилининг сўзларидан иқтибос келтирган Spiegel Online. Бу маълумотни DW ва маҳаллий аҳолидан бири тасдиқлади. «Кеча мен у ерда нарса харид қилган эдим. Бу ерда 6-7 киши ичкилик ичиб турганди. Ўшанда ўйлаб қолдим: буларнинг ҳаммаси қандай антисоциал кўринишга эга. Йўл бўйлаб ўтиш жойи бор, лекин мен у ерда юришдан қўрқардим», деб тан олди аёл. 

Гумонланувчи ҳақида нима маълум?

Полиция маълумотларига кўра, Россия фуқароси бўлган 57 ёшли маҳаллий шахс украиналикларни ўлдиришда гумон қилинмоқда. Полиция уни қотиллик содир бўлган жойдан унчалик узоқ бўлмаган ердаги рўйхатдан ўтган манзилида қўлга олди. «У уйга келганида (қотилликдан кейин), ҳар доимгидек маст эди. Лекин полиция уни чақирганда, у ҳатто кулиб юборди», деди қўлга олинган шахснинг қўшниси Tag24 немис минтақавий ахборот порталига. Исми кўрсатилмаган аёлнинг сўзларига кўра, у қўшнисини «ҳушёр ҳолатдан кўра кўпроқ маст» кўрган. 

Яна бир қўшниси қотилликда гумонланувчини тажовузкор деб атади. «Ҳар ойнинг биринчи куни, пул келганида, у баланд овозда мусиқа тинглар ва ўткинчиларни деразадан сўкарди», — дея аёлнинг сўзларини келтиради Tag24. Нашр журналистлари гумонланувчининг яшаш жойини «ижтимоий ночор» деб атади. Frankfurter Rundschau нашри, ўз навбатида, полицияга таяниб, гумонланувчи аввалроқ қонун билан боғлиқ муаммоларга дуч келганини ёзади.

Сиёсий сабаб борми? 

Шу билан бирга, Мурнаудаги немис оммавий ахборот воситаларининг ҳеч бири қотилликда гумон қилинувчининг Россиянинг Украинага қарши урушига муносабатига эътибор бермади. Ижтимоий тармоқларда украиналикларнинг кўплаб хабарлари орасида россиялик Россия томонидан Украинага қарши бошланган уруш тарафдори эканлиги ва гўё ташвиқот таъсирида ҳаракат қилгани ҳақида кўплаб даъволар мавжуд. Бироқ, бу мотив ҳозирча тергов томонидан асосий сабаб сифатида кўрилмаган. 

Аммо 29 апрел, душанба куни Мюнхен Бош прокуратураси DW’га берган изоҳида Spiegel Online’нинг Бавария экстремизм ва терроризмга қарши кураш марказий бошқармаси Мурнауда украиналикларнинг ўлдирилиши бўйича терговга қўшилгани ҳақидаги хабарини тасдиқлади. Прокуратура DW саволига жавоб берар экан, қотилликда гумонланувчининг мотивлари ва унинг Россиянинг Украинага қарши уруши ҳақидаги қарашлари ҳақида ҳозирча аниқ маълумотларга эга эмаслигини билдирди. Бироқ, бу ишда сиёсий сабабларни «инкор этиб бўлмайди», шунинг учун тегишли идоралар аралашди, деди прокуратура матбуот котиби. 

Ўлдирилган украиналиклар ҳақида нима маълум?

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 28 апрел, якшанба куни 36 ёшли Владимир К. ва 23 ёшли Вячеслав Б. Украина Қуролли кучлари (УҚК) ҳарбий хизматчилари бўлгани ва яраланганидан кейин Германияда реабилитациядан ўтаётганини маълум қилди. Вазир улар қайси бўлинмаларда жанг қилганига аниқлик киритмади. Гармиш-Партенкирхен маъмуриятининг DW нашрига маълум қилишича, икки украиналик «Мурнауда тиббий мақсадларда бўлган». Уларнинг нимадан даволангани аниқлаштирилмаган. Spiegel Online маълумотларига кўра, улардан бири 2023 йилнинг августидан, иккинчиси 2023 йилнинг декабридан бери маҳаллий травматология клиникасида даволанган. Нашр округ маъмуриятига таяниб, Мурнаудаги украиналикларнинг даволаниши улар ўлдирилиши вақтида аллақачон якунлангани, эркаклар қочоқлар лагерида яшаб келгани ҳақида хабар берган.

Украиналиклар россиялик билан таниш бўлганми? 

Камида бир маҳаллий аҳоли Bayerischer Rundfunk (BR) қотилликдан бироз олдин украиналикларни россиялик билан ичкилик ичаётганини кўрганини айтди. «Улардан бири украиналиклар билан дўст бўлган, шу ерда ўтирган, ичкилик ичишган», деди гувоҳ телерепортажда қотиллик жойини кўрсатиб. BR полиция суҳбатдошларига таяниб, ҳужумчи ва жабрланувчилар ўртасида жанжал келиб чиққани ҳақида хабар берди.

Якшанба куни тергов натижаларини кутмасдан, Бавария ички ишлар вазири Иоахим Ҳеррман жиноятнинг асосий омили сиёсат эмас, балки спиртли ичимликлар эканлигини айтди. «Ушбу уч одамни бирга кўрган гувоҳларнинг маълумотларига кўра, воқеаларнинг барча иштирокчилари катта миқдордаги спиртли ичимликлар таъсирида бўлган», - дея таъкидлади Ҳеррман. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча терговчилар қотиллик сиёсий сабабларга кўра бўлганини тасдиқловчи ишончли далилларга эга эмас. 29 апрел, душанба куни Бавария Ички ишлар вазирлиги DW’нинг гумонланувчи, шунингдек, унинг қурбонлари қон таҳлиллари натижалари маълумми ёки йўқми, шу масаладаги сўровига жавоб бермади. 

Top