08:35 / 18.06.2024
8376

Путин 18 июн куни Шимолий Кореяга боради

Шу пайтгача Путин КХДРга фақат бир марта – Шимолий Кореяни Ким Чен Ир бошқарган 2000 йилда биринчи президентлик муддати бошида ташриф буюрган.

Фото: РИА Новости / POOL

Россия президенти Владимир Путин 18 ва 19 июн кунлари «дўстона давлат ташрифи» билан Шимолий Кореяда бўлади, деб хабар қилди Кремл матбуот хизмати 17 июн, душанба куни. КХДРга ташриф Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг таклифига биноан амалга оширилади

Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков сўзларига кўра, Пхенянга сафар дастури «жуда воқеаларга бой» бўлади. Турли форматдаги музокараларда «энг муҳим, энг нозик масалалар» муҳокама қилинади, деди Ушаков журналистларга. Россия делегацияси таркибида янги мудофаа вазири Андрей Белоусов ҳам бор.

Бундан ташқари, Ушаковнинг таъкидлашича, Пхенянда Россия ва КХДР «халқаро сиёсат, иқтисодиёт ва хавфсизлик масалалари бўйича кейинги ҳамкорликни» назарда тутувчи кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолашни режалаштирмоқда. Ҳозир бу ҳужжат тайёргарлик босқичида, бироқ «агар у имзоланса, 1961, 2000 ва 2001 йилларда имзоланган асосий ҳужжатлар ўрнини босади», деди Ушаков.

Янги келишув ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорликни назарда тутадими, деган саволга Путиннинг ёрдамчиси шундай жавоб берди: «Агар келишув имзоланса, у келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини белгилаб беради ва у, табиийки, барчасини ҳисобга олган ҳолда имзоланади. У мамлакатларимиз ўртасида сўнгги йилларда халқаро сиёсат, иқтисодий соҳа, барча йўналишдаги муносабатлар, шу жумладан хавфсизлик масалаларини ҳам ҳисобга олади».

КХДР қуролларини Россияга етказиш ва музокаралар эҳтимолий мавзулари

Украинага кенг кўламли ҳарбий ҳужум бошланганидан бери Россия ядровий дастури туфайли халқаро миқёсда яккаланиб қолган Шимолий Корея билан ҳамкорликни кучайтирди. Ғарб давлатлари вакилларининг фикрича, Пхенян Москвани артиллерия снарядлари ва ракеталар билан таъминлайди. Россияда бу маълумот на тасдиқланди, на инкор этилди.

«Ведомости» қайд этишича, Путиннинг КХДРга ташрифи чоғида Шимолий Корея ишчиларини Россияга юбориш масаласи ҳам муҳокама қилиниши мумкин. Reuters агентлигининг эслатишича, Украинага қарши уруш туфайли Россия иқтисодиёти ўткир ишчи кучи танқислигига дуч келмоқда, чунки кўплаб эркаклар фронтга жўнатилган, уларнинг бир қисми ҳарбий хизматдан қочиш учун мамлакатни тарк этган. 

Ким Чен Иннинг Россияга ташрифи

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин 2023 йил сентябрида Россияга ташриф буюриб, зирҳли поездда Узоқ Шарққа келган эди. Ташриф давомида у Владимир Путинни Шимолий Кореяга таклиф қилди, Россия президенти бунга рози бўлди. Феврал ойида Ким Чен Иннинг туғилган кунида РФ Шимолий Корея етакчисига Россияда ишлаб чиқарилган лимузин совға қилган ва шу билан БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан КХДР ядровий дастури туфайли Пхенянга қарши жорий қилинган санкцияларни бузган эди.

Шу пайтгача Путин КХДРга фақат бир марта – Шимолий Кореяни Ким Чен Ир бошқарган 2000 йилда, биринчи президентлик муддатининг борган. 

Путин 19 ва 20 июн кунлари Ветнамга ташриф буюради

Кремл матбуот хизмати, шунингдек, 19 ва 20 июн кунлари Владимир Путин Ветнамга ушбу мамлакат Коммунистик партияси марказий қўмитаси бош котиби Нгуен Фу Чонг таклифига биноан келишини маълум қилди. Ханойда Путин президент То Лам, бош вазир Фам Мин Тин ва Миллий ассамблея раиси Чан Тхан Ман билан учрашади. Россия ва Ветнам ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни муҳокама қилиш режалаштирилган. Маълум қилинишича, музокаралар натижасида бир қанча икки томонлама ҳужжатлар имзоланади. 

2024 йилда бу Путиннинг тўртинчи ва бешинчи расмий хорижий ташрифлари бўлади. 16-17 май кунлари Россия президенти Хитойга, 23-24 май кунлари Беларусга, 26-27 май кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрди. 

Top