07:59 / 26.06.2024
5562

Айрим мактаблар ходимларига ҳар ойлик 100 фоизгача устама тўлаш тартиби жорий этилади 

2024 йил 1 сентябрдан ихтисослаштирилган спорт мактаблари ходимларига ҳар ойлик 100 фоизгача устама тўлаш тартиби жорий этилади.

Фото: Kun.uz

“Тошкент шаҳрида бокс ва гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

2024 йил 1 сентябргача:

  • ихтисослаштирилган спорт мактаблари учун мақбуллаштирилган ўқув режалари ишлаб чиқилади. Бунда, Ўзбекистон тарихи ва инглиз тили фанларининг чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилишига ҳамда умумлашган табиий фан ва спорт психологиясининг замонавий усулларда ўргатилишига алоҳида эътибор қаратилади;
  • ихтисослаштирилган спорт мактабларида иккинчи хорижий тилни ўргатиш йўлга қўйилади;
  • ҳар бир туман ва шаҳардан камида 3 тадан энг намунали давлат мактабгача таълим ташкилотлари танлаб олиниб, гимнастика хоналари ташкил қилинади.

Ихтисослаштирилган спорт мактабларида:

  • ўқув-тарбия жараёни 5–11-синфлар доирасида махсус таълим дастурлари бўйича ташкил этилади;
  • қабул жараёнларига халқаро ва маҳаллий тренер-селекционерлар жалб қилинади;
  • таълим жараёни ўқувчилар сони 12 нафардан 24 нафаргача синфларда амалга оширилади;
  • ўқувчиларининг умумий чекланган сони 168 нафар этиб белгиланади. 

 
2024-2025 ўқув йилидан ҳар йили маҳаллий ва хорижий спорт усталари, тренер ҳамда машҳур спортчилар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилади.

Ихтисослаштирилган спорт мактаблари ўқувчи-спортчилари Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида алоҳида жамоа сифатида тўғридан тўғри иштирок этади.

Шунингдек, ихтисослаштирилган спорт мактаблари тизимида бокс ва гимнастика бўйича тренерлар мактаби ташкил қилинади.

2024 йил 1 сентябрдан ихтисослаштирилган спорт мактаблари ходимларига ҳар ойлик 100 фоизгача устама тўлаш тартиби жорий этилади.

Top