12:10 / 26.04.2024
53317

Қашқадарёда вояга етмаган қизга жинсий тегажоғлик қилган ва ундан пул олиб келган шахсларга жиноят иши қўзғатилди

Чироқчи туманида яшовчи, 2006 йилда туғилган қизга нисбатан жинсий тегажоғлик содир этилиб, бу видеога олинган ва тасвирни тарқатиш билан таҳдид қилинган.

Болалар омбудсманига жорий йилнинг 24 апрел куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи фуқаро О.Ю.дан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда Чироқчи туманида яшовчи вояга етмаган қиз Б.Б.га (2006 йилда туғилган) нисбатан жинсий тегажоғлик қилиниб, бу видеога олингани ва тасвирни тарқатиш билан таҳдид қилинаётгани билдирилган. Болалар омбудсмани мазкур ҳолатни ўз кузатувига олди.

Аниқланишича, 2023 йил июл ойида Б.Б.га Ш.Х. томонидан жинсий тегажоғлик қилиниб, бу ҳолат бошқа шахс - Ж.М. томонидан телефон орқали видеотасвирга олинган. Кейинчалик Ж.М видеотасвирни тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, қиздан товламачилик йўли билан пул олган, аммо шундан кейин ҳам видеотасвирни тарқатиш билан таҳдидни давом эттириб, товламачилик қилиб келган.

Мазкур ҳолат бўйича Б.Б. (2006 йилда туғилган) 2024 йилнинг 30 март кунига келибгина туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган.

Терговга қадар текширув доирасида судга оид тиббиёт, криминалистика ва биология экспертизалари тайинланган.

Жорий йилнинг 8 апрел куни ЖКнинг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 118-моддаси 1-қисми (Номусга тегиш) ва 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур жиноят иши Қашқадарё  вилояти прокуратураси назоратида, Болалар омбудсмани бу борада ўз кузатувини давом эттирмоқда.

Top