11:34 / 07.05.2024
14673

Сурхондарёда кузатилган кучли сел оқибатида 360 бош қўй нобуд бўлди 

Шеробод туманида кучли сел оқибатида 360 бош қўй нобуд бўлди. Қўйлардан ҳар хил касалликлар тарқалмаслиги учун улар дезинфекция қилиб кўмилган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси

Ижтимоий тармоқларда бир гала қўйлар жасадини юк машинасидан чуқурликка тўкиб кетилаётгани бўйича хабар эълон қилинди. Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 29-30 апрел, 1 май кунларида ёғингарчиликнинг кўп бўлиши оқибатида Шеробод туманининг Боғиобод маҳалласи ҳудудига кучли сел келган.

Оқибатда маҳалладаги қишлоққа адирликдан келган кучли сел қўрадаги 360 бош қўйни нобуд қилган.

Мурожаатда кўрсатилган ҳудудда ҳозирда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Санитария-эпидемиология бошқармаси томонидан вазият назоратга олиниб, нобуд бўлган қўйлардан ҳар хил касалликлар тарқамаслиги учун улар дезинфекция қилиб кўмилган.

Top