10:07 / 08.05.2024
3035

Жазони ижро этиш муассасаларида ДХШ асосида маҳкумлар учун масофали видео-учрашув хизмати йўлга қўйилади

Inm International МЧЖ хусусий шерик сифатида ИИВ тасарруфидаги барча жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга масофали видео-учрашув орқали онлайн учрашув имконияти яратилишини таъминлаш мақсадида тўғридан тўғри шартнома тузган ҳолда жалб қилинади.

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг "Жазони ижро этиш муассасаларида давлат-хусусий шериклик асосида маҳкумлар учун масофали видео-учрашув хизматини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2023 йил 1 декабрдан 2024 йил 1 февралга қадар эксперимент тариқасида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Биринчи минтақавий ҳудуд 7-сон жазони ижро этиш колониясида Inm International МЧЖ томонидан Prisonline ҳимояланган видео-алоқани таъминловчи замонавий ахборот технологиялари ўрнатиш орқали жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга масофали видео-учрашув орқали яқин қариндошлари билан онлайн учрашув имконияти яратилган.

Ички ишлар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилади:

Inm International МЧЖни хусусий шерик сифатида Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги барча жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга масофали видео-учрашув орқали онлайн учрашув имконияти яратилишини таъминлаш мақсадида тўғридан тўғри шартнома тузган ҳолда жалб қилиш;
Ички ишлар вазирлигини лойиҳа бўйича давлат шериги этиб белгилаш.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг асосий шартлари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги барча жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга масофали видео-учрашув орқали онлайн учрашиш имкониятини яратиш;
  • Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги барча жазони ижро этиш муассасаларида ҳимояланган видео алоқани таъминловчи замонавий ахборот технологияларини ўрнатиш;
  • жазони ўтаётган маҳкумларнинг видео-учрашувлари жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти назорати остида ўтказилиши ҳамда уларнинг ҳақи маҳкумнинг шахсий ҳисобварағидан тўланиши;
  • шартноманинг амал қилиш муддатини ўн йил этиб белгилаш.

Ички ишлар вазирлиги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг бажарилиши ва шартнома шартларига риоя этилиши юзасидан доимий мониторингни амалга ошириб боради.

Top