00:26 / 10.03.2017
30045

Олимлар сайёрамиздаги энг аниқ ва ўткир кўзли йиртқичнинг номини маълум қилишди

Фото: Sam Fabian

Олимлар сайёрамиздаги энг аниқ ва ўткир кўзли йиртқичнинг номини маълум қилишди. Аниқланишича, улар бургутлар эмас, балки икки қанотли ҳашаротлар оиласига мансуб Asilidae туридаги йиртқич пашша-ктирлар экан. Бу турдаги пашшалар ўлжасини катта масофадан туриб "нишонга олиб", уни деярли 100 фоизлик кафолат билан тута олади. Бу ҳақда Current Biology нашрида маълум қилинди.  

"Биз ктирлар бошқа пашшаларга нисбатан жуда яхши кўриш қобилиятига эгалигини билардик, бироқ улар бу борада ўзларидан 10 марта катта бўлган ниначилар билан тенглаша олишларини билмагандик. Худди шунингдек, бу пашшалар ўлжасини жанговар самолёт каби нишонга олишини ҳам кутмагандик, бироқ улар парвозлари йўналишини ўлжасиники билан синхронлаштиришини тахмин қилгандик", деб айтди Кембриж университети олимаси Палома Гонсалес-Беллидо.

Гонсалес-Беллидонинг айтишича, ҳашаротларнинг кўриш ўткирлиги уларнинг ўлчамларига кучли боғланган. Қоидага кўра, ҳашарот қанча катта бўлса, унинг кўриш қобилияти шунчалик яхши бўлади. Шу қоидага кўра, айни вақтгача энг ўткир кўзга ниначилар эгалар деб ҳисоблаб келинарди.

Олима ва унинг ҳамкасбларининг айтишича, ктирнинг кўзлари унга ўлжасини 50 сантиметрдан кўришга ва уни сониянинг бир неча улушларида нишонга олишга имкон беради. Бу эса инсон бир неча миллиметр ўлчамдаги буюмни 300 метр масофадан кўриши билан баробардир.   

Пашша ўлжасини кўрганда ноёб ов "дастурини" ишга туширади. Аввал пашша ўзининг ҳаракат йўналишини ўлжа билан учрашадиган йўналишга ўзгартиради ва у билан деярли параллел равишда учади. Ўлжа билан бундай яқинлашиш усулини кўплаб йиртқич қушлар ва сут эмизувчи жонзотлар қўллайдилар, бироқ бу усул ҳашаротлар орасида кам учрайдиган усулдир.

Ктир пашшаси ўлжасига 28-30 сантиметрлик масофага яқинлашганда унда овнинг бошқа яна бир ноёб "дастури" ишга тушади. Олимлар бу дастурни самолётларнинг нишонга олиш тизими ишига қиёслашмоқда. Шу пайт пашша йўналишини эмас, балки тезлигини тўғрилайди: у ўлжасидан сал тезроқ учади ва фаол равишда манёврларни амалга оширади. Бу эса ўлжасига яқинлашиб, уни жуда катта эҳтимоллик билан тутиб олишига имкон беради.

Top