28 декабрда Эрон шаҳарларидан бирида тухум нархининг кескин ошишига қарши бошланган норозиликлар 29 декабрда бутун мамлакатга ёйилиб, сиёсий тус олди ва 4 кундирки оммавий намойишлар давом этмоқда.
Эронда вазият қай аҳволда?

Reuters’га кўра, мамлакат шимолидаги Машҳад шаҳрида кўчаларга чиққан фуқаролар мамлакатдаги иқтисодий вазиятдан норозилик билдиришмоқда. Мамлакатда ишсизлик даражаси ортган, инфляция кучайган ва айрим маҳсулотлар тақчиллиги кузатилмоқда.
Давлат нашрлари хабарларига кўра, мамлакатдаги 1200 дан ортиқ аҳоли пунктларида норозилик акциялари қайд этилган.
Мамлакатнинг Ришт, Шероз, Исфаҳон, Кирмоншоҳ ва Ҳамадон шаҳарларида йирик намойишлар ўтгани ҳақида маълумотлар берилган. Машҳадда ўтган энг йирик намойишда 52 киши ҳибсга олинган.

Полиция бундай акцияларга олдиндан рухсат олинмаганини маълум қилиб, намойишчиларни огоҳлантирган. Шунингдек, оммавий равишда ҳибсга олишлар рўй бергани айтилмоқда.
Ҳукумат ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларни блоклади
Мамлакатда рўй бераётган оммавий намойишлар фонида форс ҳукумати Instagram ижтимоий тармоғи ва Telegram мессенжерини блоклади.
«Эрон ҳукумати тинч намойишчиларнинг @sedaiemardom (Садои мардум) ва бошқа каналларини тўсиб қўйиш борасидаги сўровини очиқ рад этганимиздан сўнг эронликларнинг аксарият қисми учун Telegram’га уланишни блокламоқда», — деб ёзган Telegram асосчиси Павел Дуров Twitter’даги ўз саҳифасида.
Эрон ҳукумати бундай қарорга келишига сабаб сифатида «мамлакатда тинчликка эришиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш»ни кўрсатмоқда.
«Биз фуқаролардан ноқонуний акциялар уюштирмасликни сўраймиз. Агар улар йиғилмоқчи бўлишса, аввал ариза билан мурожаат қилишлари керак бўлади», деган Эрон ИИВ раҳбари Абдулризо Раҳмон-Фазлий.
У ижтимоий тармоқлар орқали намойишчилар бир-бири билан алоқа қилаётганига қарши муносабат билдирган.





















