Ер – стратегик захира ва давлатга тегишли бўлиши керак. Ушбу фикр Ўзбекистонда юз йилдан буён ҳукмронлик қилиб келади. Бироқ бозор иқтисодиёти хусусий мулксиз ривожлана олмайди. Уни ерга жорий этиш вақти келмадимикан – Norma шарҳида шу масала ҳақида сўз юритилган.

Конституциянинг 55-моддасида айтилишича: ер ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир. Фуқаролик кодексининг 214-моддаси, «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ ер республика мулкига киради. Лекин ҳаммаси эмас.

XX асрнинг 90-йиллари ўртасида савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари улар жойлашган ер участкалари билан бирга хусусийлаштирилди. Бу қуйидагиларга мувофиқ амалга оширилди:

• «Ер тўғрисида»ги Қонунга (ўз кучини йўқотган);
• Вазирлар Маҳкамасининг 11.04.1995 йилдаги «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини улар жойлашган ер майдонлари билан биргаликда ҳамда ер майдонларини мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилиш учун хусусий мулк сифатида сотиш тартиби тўғрисида»ги 126-сон қарорига.
 Натижада кейинроқ қабул қилинган Ер кодексида (18-моддаси) ушбу хусусийлаштиришда қатнашган юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи акс эттирилди. Бундан ташқари, қуйидагилар мулк ҳуқуқини олишлари мумкин:
 • дипломатия ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган, Ўзбекистонда аккредитация қилинган ташкилотлар – уларга ўзлари ваколатхона биноси сифатида фойдаланаётган иморат ёки иморатнинг қисмлари, шу жумладан ваколатхона бошлиғининг қароргоҳи улар жойлашган ер участкалари билан бирга, шунингдек мазкур ваколатхоналарнинг иморатларини қуриш учун ер участкалари реализация қилинганда;
 • дипломатия корпуси ходимлари, Ўзбекистонда аккредитация қилинган матбуот вакиллари, фирмалар, компаниялар ва халқаро ташкилотлар доимий ваколатхоналари ходимлари, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарда доимий асосда ишловчи чет эллик шахслар, шунингдек республикада доимий истиқомат қилувчи ва яшаш учун гувоҳномаси бўлган шахслар – уларга уй-жой бинолари шу бинолар жойлашган ер участкалари билан бирга реализация қилинганда.

Кўрсатилган ҳоллар – кам учрайдиган истисноли ҳоллар. Аксарият юридик ва жисмоний шахсларга ерга хусусий тартибда эгалик қилишга рухсат берилмайди. Бунинг ўрнига қуйидагилар амал қилади:

 • мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи – фақат Ўзбекистон фуқароларига деҳқон хўжалиги юритиш, якка тартибда уй-жой қуриш (якка тартибдаги турар жой), жамоа боғдорчилиги ва узумчилиги юритиш учун (далаҳовлига) ер берилади;