12:57 / 21.05.2018
55075

Иймонни заифлаштирувчи ҳолатлардан огоҳ бўлиш лозим

“Ислом нури” дастурининг бугунги мавзуси иймон ҳақида. Бу галги суҳбатдошимиз пойтахтдаги Шайх Зиёвуддинхон жоме масжиди имом хатиби Эрдон Эсонов.

YouTube'да томоша қилиш

Tas-IX'да томоша қилиш

- Аллоҳ таоло борлиқни, еру осмон ва мавжудотларни яратганидан сўнг, махлуқот ва мавжудотнинг афзали, саййиди этиб инсониятни яратган. Ўзи томонидан туширган барча шариатлар, барча китобларида Аллоҳ таоло инсонни саййидул махлуқот эканлигини, бутун борлиқ инсон манфаати учун хизмат қилишлигини маълум қилди. Жумладан, Қуръони каримда ҳам ушбу мазмундаги ояти карима учрайди. Одам алайҳиссаломдан тортиб, то қиёматгача яшайдиган инсоннинг олдида ягона бир вазифа қўйилган. Ҳамма шариат, ҳамма пайғамбар алайҳимусалломларнинг вазифалари, ғоялари битта бўлган – “Ла илаҳа илаллоҳ”, яъни Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деган калимага инсониятни чақириш.

Биз кўп зикр қиладиганимиз, аслида, мана шу. Иймон, яъни бу ишонч. Пайғамбаримиз (с.а.в)дан Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Ҳазрати Умар (р.а) орқали ривоят қилинган ҳадисда Ҳазрати Умар марҳамат қиладилар: “Биз бир куни пайғамбар алайҳиссалом билан бирга ўтирган эдик. Ногоҳ ҳузуримизга оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора, бирортамиз танимайдиган, лекин мусофирлик белгиси ҳам кўринмаётган бир одам кириб келди. Тўғри келиб пайғамбаримиз рўпараларига ўтириб олди, тиззаларини тиззаларига теккизиб ўтирди. Қўлларини расулимизнинг муборак сонларига қўйиб савол берди. “Эй Муҳаммад, менга иймондан хабар беринг. Иймон нима?”. Расули акрам бу саволга қуйидагича жавоб бердилар: “Иймон Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва тақдирнинг яхши-ёмони Аллоҳдан эканлигига ишончингиздир”.

Шайх Зиёвуддинхон жоме масжиди имом хатиби Эрдон Эсонов

Уламолар иймон тушунчасини барча илмларни ўрганган ҳолатда, қисқача тарзда ифодалашган. Яъни, иймон дегани тил билан иқрор бўлиб, дил билан тасдиқлашлик. Бу Аллоҳнинг ягона илоҳ эканлигини тил билан айтиб, дил билан унинг яккахудолигини, ризқ берувчи ягона Илоҳ эканлигини тасдиқлашдир. 

Шу ерда бир ҳолатга эътибор беришимиз керак бўлади. Тил билан иқрор ва дил билан тасдиқлаш бир-бирини тўлдирувчи тушунчалардир. Агар тил билан иқрорнинг ўзи мўминликка, иймонга кифоя қилиб, дил билан тасдиқ муҳим эмас дейдиган бўлсак, бу хато бўлади. Дил билан тасдиқ шарт, чунки мунофиқлар худди шундай йўл тутишади. Бу тарихдан ҳам маълум. Дил билан тасдиқнинг ўзи ҳам мукаммал бўлмайди. Имкон бўла туриб, тилида иқрор бўлмаслик иймоннинг мукаммаллигига далолат қилмайди. 

Беҳуда ишлар билан шуғулланишлик иймонни сусайтиради, иймонни заифлаштиради. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар пайғамбар айлайҳиссаломнинг бир таълимотларига эътибор қаратишлари лозим, яъни ўтириш, туриш, ким билан юриш, қаёққа бориш, қаёққа келиш масалалари, номаъқул жойларда ўтириш, ноқобил инсонлар билан дўст, ҳамкор, ҳамфикр бўлиш иймоннинг заифлашувига олиб келади, деди Э.Эсонов.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Top