23:35 / 07.07.2018
43981

Бу касбда 1000 доллардан кам маош бўлмайди — ошпаз Шарипов

Қирғизистонлик энг яхши ошпазлардан бири Шуҳрат Шарипов қачонлардир вокзал ёнида жойлашган мўъжаз қаҳвахонада сомса пиширган. Кейинчалик, Қирғизистондаги хўрандаларга хорижий валютада хизмат кўрсатувчи ресторанда ишлади. Бироз ўтиб, президентларга таом тайёрлади. 

Фото: Sputnik

Айни пайтда Шарипов Қирғизистон Республикаси ошпазлар ассоциацияси раиси, Қозоғистон, Сербия, Покистон ошпазлар ассоциациялари фахрий аъзоси ҳисобланади. У билан бўлган суҳбатни ўзбек тилида тақдим этамиз.

— Менимча, сиз ёшлигингиздан овқат тайёрлайсиз. Шундайми?

— Ҳа, учинчи синфдан бери. Бир кун ота-онам уйда йўқ эди, тасодифан кекс пишириш усули ва масаллиқ ҳақида ёзилган журнал қўлимга тушиб қолди. Онамнинг айтишича, мен пиширган кекс унчалик ёмон эмасди. 

—Сиз ўқишда курсдошларингизга қараганда анча билағон бўлгандирсиз?

—Йўқ. Ҳозир ярим йилда ҳам турли курсларда ошпазларни тайёрлаб қўйишяпти. Биз техникумда таълим олган пайт ўқишга жиддий эътибор қаратилган: микробиолигия, кимё каби предметларни ҳам ўргатишган. Бу фанлар билан аълочи бўлиб кетмайсан (кулади).

— Ўқишдан сўнг, ишни осон топганмисиз?

— Ўшанда 1995 йил эди, иш умуман йўқ. Мен тунги ресторанларнинг биридан зўрға иш топганимда онам рухсат бермаган. Хавфли эди, 90-йилларнинг кайфияти... Шундай қилиб, тоғам билан вокзал олдидаги қаҳвахонада сомса пиширишни бошладим. Эрталабдан тунга қадар сомса, манти, лағмон, нон пиширардим. 

Фото: Sputnik

Тамадди қилиб олиш учун, сафарга отланган йўловчилар кўп кириб туришарди. Одамларга лиқ тўлган автобус вокзалга кириб келиши билан қозонда ҳеч нима қолмасди.

—Ҳозир кўпчилик бундай тамаддихоналардан қочади. У ерда фойдаланилаётган гўштнинг сифатига шубҳа бор. 

—Балки, бироқ, у пайтда қатъий белгиланган нормага амал қилишимиз шарт бўлган. Озроқ вақт ўтиб, кишилар пулнинг ортидан қувиб, сифатни унутди. Хитой, Ҳиндистондан импорт қилинаётган шубҳали музлатилган гўштлар пайдо бўлди. 

—Тамаддихонадан сўнг нима бўлди?

—Бир куни эълонларда янги очилган итальян ресторанида ошпаз ёрдамчиси вакант эканига кўзим тушиб қолди. Мен барча талабларга жавоб берардим, суҳбатдан ўтдим. 

Ишда қолиш учун инглиз тилини ўрганишим керак эди. Бу мамлакатдаги хўрандаларга хорижий валютада тақдим этилган меню бўйича хизмат кўрсатувчи илк ресторан бўлган. Бишкекдаги замонавий меҳмонхона остида жойлашган ресторанда ишлаш... Бунинг завқи бор. 

Фото: Sputnik

Ҳар куни дипломат, хорижий фуқаролар, қирғиз жамиятидаги элита вакилларига таомлар тайёрлаганмиз. 

—Чамамда, улар жуда инжиқ бўлса керак?!

—Йўқ, улар ҳам оддий одамлар каби таомланади. Киши қанчалик «баланд» бўлса, у овқатларга шунчалик оддийлик билан қарайди. 

—Президентларга ҳам хизмат қилганмисиз?

—Ҳа, расмий ташрифлар, масалан ШҲТ йиғилишида. Одатда бу кутилмаганда юз беради ва шу заҳотиёқ «сир сақлаш» ҳақидаги ҳужжатга имзо чекасиз. Махфий хизмат ходимлари бизнинг биографиямизни яхшилаб ўрганиб чиқади. 

—Агар президентга хуш келмайдиган бирор таом тайёрласангиз нима бўлади?

—Бундай бўлиши мумкин эмас. Бизни аввалдан огоҳлантиришади: қандай маҳсулотлардан фойдаланиб, нималар мумкин эмаслиги айтилади. 

— Қирғизистоннинг қандай маҳсулоти бошқа давлатларда ҳам қадрланади?

—Бу - сўзсиз гўшт. Биз Россия, Озарбойжон, Туркиядаги халқаро танловларга отланганимизда, албатта маҳаллий гўштдан кўпроқ оламиз. Шунчаки, ҳақиқий таъмни дастурхонга элтиб қўйсангиз, сиз ғолибсиз! 

— Сиз “Гинесс Рекордлар китоби”га кирган тарихий бешбармоқни тайёрлаш жараёнида иштирок этгансиз. Шу ҳақда айтиб беринг.

Фото: Sputnik

— Мега бешбармоқни тайёрлаш ғоясини биз хорижий ҳамкорларимиздан эшитиб, ҳайрон қолгандик. Кейинроқ, бу ишни қирғизистонлик ошпазларнинг кўмагисиз бажариб бўлмаслигини таъкидлаб, жараёнда иштирок этишга таклиф қилишди. Шундай қилиб, мен масаллиқларнинг ҳисоби билан шуғулландим. Дастлаб, 1 тонна оғирликда бўлиши кутилган таом, якунда 400 кг ортиқча юк олди. 

— Энг қийин юмуш нимада эди?

— Тонггача гўштларни майдалаб чиқиш, десам ёлғон бўлмайди. 

— Тарихий бешбармоқ ўзингизга ёқдими?

— Журналистларга интервью берарканман, кўз қирим билан қозонга қарайман. Ва бир зумда тугаб бораётган овқатга қарадим. Хуллас, менга ҳеч нима қолмади.

— Бишкекдаги афсоналарга кўра, бош ошпазлар катта маош олади. Аслида-чи?

— Маош ҳақиқатан юқори: 1 минг доллардан 4 минггача етади. Бишкекда кунора янги ва дидли ресторанлар очилмоқда. Демак, бош ошпаз ҳам шу талабларга жавоб бериши керак. Одамларга таом тортиқ қилиш шунчаки оддий иш эмас. Ошпаз бундай маошга муносиб.

Фото: Sputnik

 

Top