22:14 / 04.04.2019
16517

«Асрларга татигулик халқ дарди». Қора бахши нега партия сафидан чиқарилганди?

Фото: KUN.UZ

Мактаб директори лавозимида ишлаган, асли она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлган Қора бахши 1970 йилда ҳали ҳаёти тубдан ўзгариб кетишини билмасди. У 1971 йилда оила аъзолари билан жон сақлаб қолиш учун истиқомат қилиб турган Деҳқонобод туманини тарк этишга, Сурхондарёнинг чекка жойларига бориб яшашга мажбур бўлди. Буларнинг барчаси унинг халқ оғзаки ижоди — бахшичиликни тарғиб этгани, халқ дардини куйга солгани учун юз берди. 

«Мен икки даврни кўрдим. Қизиллар деймизми, болшавойларми, ўша даврда бахшичиликка қарши катта кураш бошланди. 50-йилларга келиб бахшичилик тугай бошлади. Бахшиларни қатл қилишди, отишди, қамашди, Сибирга сургун қилишди», — дейди у. 

Қора бахшининг таъкидлашича, бахшининг қўшиғи аниқ матнга эга бўлмаган. У доим импровизация, иқтидори билан тўқима достонларни куйлаган. Масалан, достонлар аниқ бир жараён, ҳодиса ё ривоятларга асосланади, бахши эса замонавий даврда мавжуд тузум, сиёсат, халқнинг ижтимоий аҳволини ҳам достон воқеаларига қориштириб ташларди. 

«Достонни ёдлаб бўлмайди. Бахши жойи келганда ўзидан чиқаради, тўқийди. Одамларни ҳаяжонда ушлаб туришни билиши керак. Буни ёдлаб бўлмайди. Достонлар одамни тарбиялайди. Уларга яхшилик қилишни, мардлик, жасоратни ўргатади. Бахши кундузи айтмайди. Буниям ўз тарихи бор. Одамлар кундузи тирикчилик қилган, мол-ҳолга қараган, деҳқончилик юритган. Тунда достон эшитишган. Умрим шу билан ўтди», — дея эслайди у аввалги даврларни. 

Қора бахши Kun.uz'га берган қисқа интервьюси чоғида бахшилик санъати пайдо бўлиб, халқ ичида шуҳрат топганига лўнда изоҳ берди. Унинг айтишича, кишиларнинг руҳи, маънавий дунёси достонлар ичига яширинган ҳикматлардан озуқа олган. Қадим даврдан илк маданиятни барпо этган қабилалар куй-қўшиқ орқали болаларга таълим бериш, авомнинг дардини ҳукуматга етказиш, бойларни инсофга чақириб, бирдамликка тарғиб этган. 

Маълумот учун, 1971 йили коммунистик партия сафидан ўчирилган Қора бахши СССР «қайта қуриш» сиёсати даврида яна бахшиликни кенг тарғиб қилишни бошлади. У 1985 йили Хоразмда ўтган фольклор ижодкорлар минтақа анжуманида асосли таклифлар билан чиқиб, ўша даврда ўтган илк кўрик-танлов совриндори бўлган. Айни пайтда 86 ёшга кирган Қора бахши Умиров 2008 йили, унинг укаси Чори бахши ҳам, ундан кейин авлод давомчиси Расул бахши ҳам «Ўзбекистон халқ бахшиси» фахрий унвони билан тақдирланган.

Top