Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси мева-сабзавот маҳсулотлари экспортёрларига мурожаат билан чиқди.

Қайд этилишича, экспортдан тушган валюта тушумларини давлатга мажбурий сотиш талабининг бекор қилинганлиги тадбиркорларга ўз даромадларини мустақил тасарруф этишига катта йўл очди.

Деярли барча товарларни, шу жумладан мева-сабзавотларни олдиндан тўлов, аккредитив, банк кафолати ёки суғурта полисисиз, шунингдек экспорт контрактини тузмасдан, инвойслар асосида экспорт қилишга рухсат берилганлиги эса маҳаллий маҳсулотларни янада қисқа муддатларда ташқи бозорларга етиб боришига кенг имкониятлар эшигини очди.

Илгари амалда бўлган ва ҳозирда бутунлай бекор қилинган мева-сабзавотларни божхона кўригидан ўтказиш, ушбу маҳсулотларни “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти томонидан эълон қилинаётган нархлардан паст бўлмаган нархларда экспорт қилиш, экспорт контрактларини давлат идораларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаблар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳам вақтини, ҳам маблағини сарфланишига сабаб бўлаётган эди.

2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб, божхона расмийлаштируви жараёнига тўлақонли равишда жорий этилган “Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими” кўмагида жорий йилнинг ўтган даврида экспорт режимига расмийлаштирилган 82 фоиз товарлар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди.

Экспортёрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда солиқ ва божхона тўловларидан берилаётган имтиёз ва преференциялар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан келиб чиқиб, экспорт йўналишидаги имтиёзлар ва преференциялар илгари фақатгина ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилувчиларга қўлланилган бўлса, ҳозирда бу енгиллик ва қулайликлар барча экспортёрларга татбиқ этилганлиги ҳам муҳим янгиликдир, дейилади мурожаатда.

Товарлар экспортида яратилган кенг имкониятларга қўшимча равишда, божхона органлари томонидан экспорт товарларининг божхона расмийлаштируви 24 соат давомида - туну кун амалга оширилмоқда.

Билдирилишича, айрим “тадбиркор”лар берилаётган имкониятлардан ғараз мақсадда фойдаланиб, ноқонуний даромад орттиришга уринишмоқда. Уларнинг қинғир қилмишлари эса божхона органлари томонидан ўз вақтида фош этилмоқда.

2019 йил 28 май куни Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Навоий” чегара божхона пости орқали қўшни давлатга чиқиб кетаётган юк автотранспортига қиймати 3 минг АҚШ долларига тенг 18,5 тонна “лавлаги” ортилганлиги маълум қилинган. Фарғона вилояти Қува шаҳридаги “З.Иномова” деҳқон хўжалигига тегишли ушбу маҳсулотлар мазкур постдаги инспекцион кўрик мажмуаси орқали сканердан ўтказилганида, автотранспорт воситасига ҳужжатларда кўрсатилмаган бутунлай бошқа маҳсулот – 13 минг АҚШ доллари қийматидаги 18.5 тонна “ўрик” ортилганлиги аниқланди.