АҚШ космик кемалар муҳандиси: ўзбек хотин-қизлари ҳам профессионал илм эгалари бўлиши мумкин
NASA эксперти, фазо кемалари муҳандиси Камил Аллейн Ўзбекистонга ташрифи давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида бир қатор илмий ходимлар ва фандаги ўзгаришларни кузатиб борувчи аудитория вакиллари билан суҳбатлашди.
Камил Аллейн - таълимий йўналишда ҳам докторлик даражасига эга, шунингдек, халқаро хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш лойиҳалари асосчиси. Айни пайтда бир қанча хусусий корхоналарнинг ойга ўз кемаларини жўнатишни мақсад қилган Luna exploration дастури етакчиси сифатида фаолият юритмоқда.
Таъкидлашича, яқин орада у ўз хусусий ракета компаниясини очишни ҳам мақсад қилган.
Муҳокамада Камил Уордроп Аллейн хотин-қизлар мавзусига дахлдор энг асосий масалалардан бири – гендер тенглиги ҳақида тўхталиб ўтар экан:
«Сиз кимёни, математикани ҳаммадан зўр ўзлаштиришингиз мумкин. Юқори даражада профессионал илмий ходим бўлишингиз ҳам ҳеч гап эмас», — дея даврадаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлади.
«Статистикага эътибор қаратишингизни сўрайман: ҳатто АҚШда ҳам фан ва инженеринг соҳасида аёллар бор-йўғи 23 фоизни ташкил қилади. Бу биз ниманидир яхшироқ қилишимиз керак деганидир. Ҳукумат сиёсати ҳам гендер тенглигида жуда муҳим рол ўйнайди. Баъзида «Шу хонада овоз бераётганлар орасида қанча аёл киши бор», деган саволни ҳам бериб туриш керак», —дейди у.
Даврада яна бир мавзу – интеллектуал миграция ҳақида ҳам сўз борди. Қатнашчиларнинг бир қисми иқтидорни юзага чиқариш учун инвестиция муҳим деган фикрда бўлса, АҚШ элчихонаси матбуот котиби Сюзанна Вуд интеллектуал мулк ҳуқуқи кўп нарсани тартибга солишга ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида айтди.
NASA ходимасининг фикрича, интеллектуал миграцияга мавжуд шароит қизиқишлар учун тўлиқ имкон бера олмаслиги ҳам сабаб бўлади.
Илм олиш учун шароит инсон ривожида муҳим омиллиги ҳақида фикр билдирганда АҚШ эксперти Америкада ҳам баъзида коллежни тугатиш арафасида турган айрим қизлар диплом олиш арафасида бир неча минг доллар тўлаш имкони бўлмагани учун ўқишни ташлашга мажбур бўлишларини мисол келтирди.
Деярли кўплаб давлатларда мавжуд умумий вазиятни ҳисобга олган ҳолда, миссиясининг бир қисми дунё бўйлаб фазо илмига қизиққан ёшларни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлган Камил хоним бу борада жуда фаол бўлишга, ёшларга кўпроқ илҳом беришга ҳаракат қилади.
Ёш ўқитувчилардан бирининг қандай қилиб ўқувчиларни аниқ фанларга қизиқтириш мумкин деган саволига у:
«Бола нимани яхши кўришини аниқ билиш керак. Лекин у физика нималигини билмаса,қандай қилиб бу фанга меҳр қўйиши мумкин? Дастлабки тасаввур пайдо бўлиши учун у чироқ билан, турли товушлар билан ўйнаб кўриши керак. Кимёми, физиками, астрономиями ўқувчи ўз кўзи билан кўра оладиган экспонатлар бўлиши керак. Айнан Ўзбекистон имкониятини билмаганлигим сабабли ўқитувчиларга NASA веб-сайтидаги турли ёш тоифаларида ўқитиш имконини берувчи дастурлардан фойдаланишни тавсия қиламан», —- дея жавоб берди.
Эркин муҳокамада фазо илмига оид турли қизиқарли мавзуларда, масалан, ўзга сайёраларда тирик жонзотлар борми, хитойликлар сунъий ой ясай оладими каби саволлар ҳам берилди.
Якунда эса Камилле Аллейне халқаро ёш хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш лойиҳасида иштирок этишни хоҳловчиларга бу дастур бўйича дунёнинг 10 та давлатида менторлар фаолият юритишини, улар ҳам мотивация ишлари ва номзодларга ёрдам бериш билан шуғулланишларини маълумот сифатида айтиб ўтди.