10 ноябрь куни Тошкентдаги «Зарафшон» концерт залида сиёсий партиялар вакиллари иштирокида 4 раундли «Демократик дебат» ўтказилди. 

Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан ташкил қилинган мазкур ток-шоу Ўзбекистонда сиёсий партиялар раҳбарлари бевосита иштирок этган илк дебат ҳисобланади, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ток-шоу давомида журналистлар партия раҳбарларига 2017 йилнинг баҳорида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов томонидан Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги асосий позицияси сифатида турли тузилмаларга, жумладан, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқи ташкилотларига кирмаслиги маълум қилинганини эслатди.

Бироқ, яқинда Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев «Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш имкониятлари уч йилдан бери ўрганилаётгани» ҳақида гапирди. Шундан келиб чиқилса, Ўзбекистон 2016 йилдаёқ ЕОИИга кириш имкониятини ўрганишни бошлаганмиди ёки сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги асосий позицияси ўзгардими?

Умуман, ЕОИИга кириш Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепциясига мос келадими, мазмунида савол билан мурожаат қилинди.

Шунингдек, «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодировга сиз бу борадаги позициянгизда қатъиймисиз, дея қўшимча савол берилди.

«Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ривожланиш йўналишида барча минтақа ва давлатлар билан ҳамкорлик қилиши жуда муҳим. ЕОИИ масаласида давлатнинг 2030 йилгача мўлжалланган концепцияси муҳокама қилинмоқда. Бу концепция доирасида Ўзбекистонни биринчи ўринда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши учун белгиланган тартибда ишларни олиб бориш ҳамда ЕОИИ билан ҳамкорлик ва «Савдо шериклиги тўғрисида»ги шартномани имзолаш режалаштирилган.

Бунда ташқи сиёсат концепциямизга зид бўлган бирорта хатти-ҳаракат амалга оширилмаган. «Миллий тикланиш» партияси эса Ўзбекистонни иқтисодий ва сиёсий манфаатларига хизмат қиладиган ҳар қандай ҳаракатни қўллаб-қувватлайди», дея партия лидери Алишер Қодировнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Савол юзасидан Ўзбекистон Либерал демократик партияси раҳбари Актам Ҳайитов ҳам муносабат билдириб, партия аввалроқ айтган гапида собит қолишини таъкидлади.