Стартдаги мушт

Дебют жуда ачинарли эди. У қадар қийин бўлмаган рақибга қарши бергамоликлар иложсиз қолишди. Ўта юқори прессинг билан ҳаракат қилган «Аталанта» ярим ҳимоясидан загребликлар осонлик билан ўта бошладилар ва ҳужумда кенг ҳудудларга эга бўлдилар. Биринчи бўлимдаёқ ҳисоб – 3:0. Иккинчи бўлимда «Аталанта» бутунлай бошқа услубда ўйнади ва яхшироқ натижага муносиб эди, лекин Сапата ва Пашалич қулай вазиятлардан фойдалана олишмади. «Динамо» ҳужумчиси Оршич эса фойдаланди – 4:0.

Гасперини шунчаки, рақибини менсимаган бўлиши мумкин. Мураббийнинг ўзи ҳам буни тан олди: «Улар мени интенсив ҳаракатлар ва тезкорлик билан ҳайрон қолдиришди. «Аталанта»даги фаолиятим давомида ҳеч қачон бу қадар оғир ҳолатга тушамагандик. Иккинчи бўлимда яхши ўйнай бошладик, лекин кеч эди. Бу мағлубият бизга сабоқ бўлади», – деди мураббий ўйиндан сўнг.

«Шахтёр»га қарши 2-турдаги ўйинни «Аталанта» жуда юқори темпда бошлади. Мезбонлар биринчи бўлимда иккита жуда хавфли вазиятга эга бўлишди, пенальти тепишди, лекин фақат бир марта гол уришнинг уддасидан чиқишди. Бўлим охирида эса жуда кутилмаган, кераксиз гол ўтказиб юборилди.

Кейин яна вазиятлар бўлди, Сапата эса жуда яқин масофалардан гол ура олмаслик бўйича рекорд ҳам ўрнатди, шекилли. Учрашув охирларида бутун жамоа бўлиб ҳужумга ташланган жамоа яна бир марта жазоланди. «Манчестер Сити»га қарши ўйинлар олдидан, икки ўйиндан кейин ноль очко – жуда аянчли ва имконсиз ҳолат. Олдинда яна бир мағлубият кутиб турарди.

Гасперини, дунёнинг энг кучли жамоаларидан бирига қарши, сафарда ўйнаб туриб ҳам, услубига содиқ қоладиган мураббий. Ҳали ҳеч нарса йўқотилмагани ва Манчестерда натижа учун ўйнаш нияти борлигини мураббий А Серияда ҳам исботлаган, шу учрашув олдидан Италияда ўтказилган турда баъзи етакчиларига дам берганди. «Аталанта» ўрта блокда ҳимояланди ва кўп бор тўпни назорат қилиш, паслар орқали ўйнашга уринди. Бу эса, тўп йўқотишлар кўпайишига сабаб бўлди. Малиновский ва Гомес биргаликда 11 марта кераксиз жойда хатоларга йўл қўйишди, дарвозабон жуда кўп марта қутқаришига тўғри келди. Биринчи бўлим «Сити» фойдасига 2:1 ҳисобида тугади.

Гвардиола асабийлаша бошлади, Гасперини эса, жиддий шаклда иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштириш учун тайёрланди. 55 фоиз тўп назорати, дарвозага зарбалар бўйича 10-7. Лекин голлар ҳисобида 0:3. Умумий ҳисоб – 1:5. Оғир жазо, лекин «Сити»га қарши ташаббускор ўйнашга интилиш бошқача оқибатга олиб келармиди?

Уч ўйинда уч мағлубият. Кейинги босқич учун имконият деярли йўқ, бунинг устига жамоа ўзини яхши томонларини кўрсата олмади ҳам. Агар Италия чемпионатини кузатмайдиган мухлис бўлса, «Аталанта» қандай қилиб ЕЧЛга чиқиб қолганига ҳам тушунмаган бўларди. Хўш, «Аталанта»нинг хусусияти нимада ўзи?