13:05 / 19.02.2020
0
5415

Экологик хавфсизлик тўғрисидаги умумий техник регламент тасдиқланди 

Экологик хавфсизлик тўғрисидаги умумий техник регламент тасдиқланди ва ўн саккиз ой ўтгач амалга киритилади

Фото: Flickr

Вазирлар Маҳкамасининг “Экологик хавфсизлик тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Экологик хавфсизлик тўғрисидаги умумий техник регламент тасдиқланди ва расмий эълон қилинган кундан бошлаб ўн саккиз ой ўтгач амалга киритилади.

Регламентга кўра, хўжалик ва бошқа фаолият юритувчи объектларнинг экологик хавфсизлиги:

техник регламент, шунингдек, бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланган экологик хавфсизлик талабларини ҳисобга олган ҳолда, режалаштирилаётган хўжалик ва бошқа фаолият юритувчи объектнинг ушбу фаолиятни амалга ошириш ҳақида қарор қабул қилингунига қадар атроф табиий муҳитга таъсирини баҳолаш;

атроф табиий муҳитга салбий таъсирнинг камайишини, ходимлар хавфсизлигини ва авария ҳолатлари пайдо бўлишининг олдини олишни таъминлайдиган конструктив тавсифларга эга бўлган машина ва ускуналардан фойдаланиш, шунингдек, технологик жараёнларни қўллаш;

атроф табиий муҳитга салбий таъсирни камайтириш имконини берувчи ажраб чиқаётган газларни ва ҳосил бўладиган оқава сувларни тозалашнинг самарали усул ва технологияларини, ҳосил бўладиган чиқиндиларни утилизация қилиш технологияларини қўллаш орқали амалга оширилади.

Техник регламент маҳсулотларни (чиқиндиларни) ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва утилизация қилиш жараёнларининг экологик хавфсизлигини таъминлаш учун:

атмосфера ҳавоси муҳофазасини;

сув объектларининг муҳофазасини;

ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларининг муҳофазасини;

ер ресурсларининг муҳофазасини;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чиқинди билан боғлиқ ишлар амалга оширилишини таъминлайдиган мажбурий талабларни белгилайди

Атроф табиий муҳит ҳолатининг барқарорлиги ва яхшиланиши мавжуд хўжалик ва бошқа фаолият объектларининг атроф табиий муҳитга кўрсатаётган салбий таъсирининг рухсат этилган босқичма-босқич камайиб борадиган даражаларига эришиш энг яхши қулай технологияларни қўлланиши билан таъминланади.

Хўжалик ва бошқа фаолиятнинг мавжуд стационар объектлари учун атмосферага ифлослантирувчи моддаларнинг рухсат этилган чекланган ташламаларининг, ер усти сув ҳавзалари ва жой рельефига ифлослантирувчи моддаларнинг рухсат этилган чекланган оқавалари, чиқиндилар ҳосил бўлиши ва жойлаштирилишининг экологик нормативлари белгиланади.

Нормативлар қуйидаги кўрсаткичлар бўйича белгиланади:

ташланмаларнинг атмосфера ҳавоси учун белгиланган рухсат этилган чекланган квоталардан ошмайдиган (рухсат этилган чекланган концентрациялар улушларида) ер усти концентрацияларини шакллантирувчи вақт бирлигидаги (секундига грамм) ифлослантирувчи моддалар массаси;

оқава сувларда назорат пунктидаги сув сифати нормаларини таъминлаш мақсадида ушбу пунктда белгиланган режимда ташлашга максимал рухсат этилган вақт бирлигидаги моддалар массаси;

сақлашнинг муайян муддати кўрсатилган ҳолда, жиҳозланган ўз ишлаб чиқариш майдонларида ва/ёки ишлаб чиқариш чиқиндиларини жойлаштириш объектларида ҳосил бўлган ҳамда жойлаштирилган ишлаб чиқариш чиқиндиларининг ҳар бир хавфлилик тоифаси бўйича миқдори.

Юқорида келтирилган кўрсаткичлар бўйича нормативлар маҳсулотнинг муайян тури учун махсус техник регламентларда белгиланади.

Хўжалик юритувчи ва бошқа субъектлар белгиланган нормативларни камайтиришнинг ҳар йили эришиладиган кўрсаткичларини кўрсатган ҳолда, белгиланган битта ёки бир қанча кўрсаткичлар бўйича табиатни муҳофаза қилиш бўйича режали тадбирлар ва ифлослантирувчи моддалар ташланмалари ва оқаваларининг, ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол чиқиндиларининг ҳосил бўлиши ва камайиши бўйича белгиланган нормативларни камайтириш режасини ишлаб чиқади.

Атроф табиий муҳитга салбий таъсир кўрсатишнинг белгиланган даражаларини пасайтиришда қўлланиладиган услуб ва воситалар хўжалик ёки бошқа фаолият субъекти томонидан регламентда белгиланган экологик хавфсизлик талаблари ҳисобга олинган ҳолда мустақил равишда белгиланади.

Хўжалик юритувчи ва бошқа субъектлар ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирлигига тўғри келадиган ташламалар, оқавалар, чиқиндилар ҳосил бўлишининг солиштирма кўрсаткичларининг ҳисоб-китобини ҳар йили амалга оширади.

Ифлослантирувчи моддаларнинг ташламалари, оқавалари, чиқиндиларни ҳосил бўлиши ва жойлаштирилишининг белгиланган нормаларини пасайтириш борасида қайд этилган мажбуриятларни ҳисобга олган ҳолда ёки маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмлари ошган ҳолларда, экологик нормативлар қайта кўриб чиқилади ва рухсат этилган нормаларга мувофиқлаштирилади.

Ифлослантирувчи моддаларнинг ташламалари, оқавалари, чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши ва жойлаштирилишининг белгиланган нормативлари ҳамда салбий таъсирни пасайтириш бўйича қайд этилган кўрсаткичлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади.

Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсадларида регламент кучга киргандан бошлаб рухсат берувчи ҳужжатларда (лицензиялар, рухсатномалар ва/ёки бошқа шакллар) кўзда тутилган муддатларда ушбу ҳужжатларга мувофиқ табиий (сув, ер, ўрмон, минерал- хомашё, биологик) ресурсларини олиш ҳажмлари ва шартлари белгиланади.

Хўжалик юритувчи субъектлар объект раҳбарияти томонидан тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ ишлаб чиқариш экологик назоратни амалга оширади.

Хўжалик юритувчи субъектлар атроф-муҳитга тушадиган оғирликни норматив даражагача пасайтиришни таъминлайдиган табиатни муҳофаза қилиш тадбирларни амалга оширади.

Маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва утилизация қилиш жараёнларида хавфли моддалар ишлатилса, хўжалик юритувчи ва бошқа фаолият объекти учун фавқулодда вазиятларни бартараф этиш режаси ишлаб чиқилади.

Ушбу режада ноқулай об-ҳаво шароити ёки бошқа табиий ҳамда техноген фавқулодда ҳолатлар сабабли юзага келиши мумкин бўлган салбий экологик оқибатлар ва уларнинг олдини олиш юзасидан маълумотларни хўжалик юритувчи субъектлар ёки тегишли давлат органлари томонидан аҳолига етказилиши кўзда тутилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top