Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Президентнинг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда “Маҳалла” ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот маркази негизида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти ташкил этилган.
Белгиланишича, Институт маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлашга кўмаклашувчи, фуқаролар йиғинларини аҳолининг чинакам маслакдошига айлантириш ва “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш ишларини илмий-услубий ва ахборот-таҳлилий таъминлаш фаолиятини амалга оширувчи ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари этиб белгиланади:
жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизимни тўлақонли ва самарали жорий этиш, маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш соҳасида устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этиш, фанлараро фундаментал, амалий илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда уларни натижаларини амалиётга жорий этиш;
маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган концепцияларни, комплекс, мақсадли, соҳавий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишнинг илмий-методологик асосларини шакллантириш;
маҳаллалар ва оилаларда соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлаш, умуминсоний ва миллий қадриятларни, шу жумладан оилавий қадриятларни мустаҳкамлашнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш;
маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликларини ошириш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;
маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш соҳасидаги долзарб илмий муаммоларга бағишланган илмий, илмий-амалий конференциялар, семинарлар, йиғилишлар ташкил этиш, шунингдек ушбу соҳада юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, илмий ходимларнинг касбий даражасини доимий ошириб бориш ва такомиллаштириш;






