18:56 / 08.08.2020
13008

Вазир маҳалла раислари фаолиятига бўлаётган эътирозларга муносабат билдирди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов маҳалла фуқаролар йиғини раислари фаолиятига нисбатан бўлаётган эътирозлар бўйича муносабат билдирди.

“Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислиги учун сайлов ўтказилган. Сергели туманидаги битта маҳаллани олтитага бўлиб, 5та маҳалла раисини қўйишимизга туман кенгашининг, шаҳар кенгашининг қарорини чиқариш, ҳужжат тайёрлаш учун уч кун вақт кетди.

1000дан ошиқ маҳалла раисининг иши қониқарсиз баҳоланган. 364та маҳаллада иш яхши ташкил қилинмаган. 136та маҳаллада сайлов ташкил қилиш керак. Бунинг учун илгари шаҳар/туман кенгашлари бўлган. Кенгаш тугатилгач, масала очиқ қолди. Маҳалла раислари сайлов орқали қўйилган. Уларга таъсир чорасини ўтказиш, улар устидан тушадиган аризани текшириш учун ё прокуратура ё бошқа жойга чиқадиган бўлсам, бу ҳам битта муаммо.

Тўғридан-тўғри маҳалла билан боғланиш имкони бўлганида тизимда биронтасини ухлатмасдим, тиндирмасдим, чунки биз ишонч билдирилган тизиммиз. Депутатлар мени қўллаб-қувватлайдиган бўлса, тизимни 24 соат ишлатиб, ҳаммасини жойига қўйишга тайёрмиз. Фақат бизга кўмак керак. Чунки сайлов бўлган. Ҳозир тўғридан-тўғри олиб ташлай олмаймиз.

2022 йилда сайлов бўлади. Унгача ўзгаришлар киритиляпти. Лекин ҳозирги пайтдаги муаммолар-чи? Маҳалла раисларининг 276 нафари ўрта маълумотли, 1700 нафардан ортиғининг ёши 65дан ошган. Уларни ўқитиш масаласи бор. Лекин қаерда ва қачон?!”, деди у Сенатнинг 7 август куни ўтказилган 6-ялпи мажлисида.

Сенат раиси Танзила Норбоева муаммоларни ҳал қилиш учун маҳалла раисларини ўқитиш кераклигини таъкидлади.

“Маҳалла раисларини ўқитиш керак. Ишдан бўшатаверишимз мумкин. Лекин тайёр кадр қаерда бор? Шунинг учун мавжуд кадрларни ўқитиш керак. Жамиятда мавжуд бўлган муаммоларга нисбатан ўқитиш керак, умумий мавзулардан маъруза ўқиш эмас. Кераксиз матнлар билан маъруза ўқишади. Шунинг учун ўқитишнинг ҳеч самараси бўлмаяпти.

Уларнинг билим даражасини инобатга олиб ўқитиш, содда тилда тушунтириш, ижтимоий хизмат кўрсатишни ўргатиш керак.

Маҳалла маблағ ажратишда нега хато қиляпти? Биринчидан, нафс балоси бордир. Иккинчидан, уларда хизмат кўрсатиш кўникмаси ҳам йўқ. Ижтимоий ёрдам бериш, ижтимоий хизмат кўрсатишни мутлақо билмайди”, деди Норбоева.

Top