08:47 / 17.01.2021
13889

Amnesty: Қорабоғ низосида Озарбойжон ва Арманистон қасддан тинч аҳолига зарба берган

Тоғли Қорабоғдаги жангларда озар ва арман ҳарбийлари атайлаб тинч аҳоли яшовчи ҳудудларга зарба беришган. Бу ҳақда Amnesty International ташкилоти ҳисоботида келтирилган.

Фото: Reuters

«Фуқаролик иншоотларига берилган зарбаларнинг аксари уларнинг тасодифий эмас, балки қарши тарафга босим ўтказиш ва қўрқитиш учун атайин берилганлигини кўрсатяпти. Ҳар икки тараф ҳукуматлари фуқаролик объектларига берилган зарбалар олдиндан режалаштирмасдан ноаниқ ва/ёки танламасдан ҳаракатланадиган қурол билан зарба берилмаганини исботловчи ишончли асосларни бера олишмайди», дейилади Amnesty International 13 январда берган докладда.

Ноаниқ ва/ёки танламасдан ҳаракатланадиган қурол деганда ҳуқуқбонлар, хусусан, тактик ракеталар ва кассета каллакли ракеталарни назарда тутишади.

Томонларнинг расмий ҳисоб-китобига кўра, арман армияси ҳужумлари оқибатида Озарбойжонда 94 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. Озарбойжон қўшини эса Арманистон қишлоқларидаги 52 кишининг умрига зомин бўлган. Бу рақамлар Amnesty International докладида келтирилган.

Уруш пайтида ҳар икки томоннинг сиёсатчи ва ҳарбийлари яшаш пунктларини қасддан ўққа тутиш борасидаги айбловларни рад этиб, армия фақат ҳарбий нишонларни мўлжалга олаётганини айтиб келишди.

Бироқ Amnesty International бу баёнотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган. Ташкилот экспертлари уруш мобайнида ва ундан кейин ҳар икки тараф ўққа тутган жойларга бориб текширув ўтказишган.

Amnesty International бир томондан Арманистоннинг Озарбойжон ҳудудидаги Ганжа шаҳрида 30дан ортиқ одам ҳалок бўлган ҳудудда ҳарбий объектлар борлиги ҳақидаги иддаосини қабул қилди. «Лекин бу ҳарбий нишонларнинг мавжудлиги SCUB-D каби қудратли ва ноаниқ қуролларни аҳоли яшайдиган ҳудудда қўллашни оқламайди», дейди ҳуқуқбонлар.

«Степанакерт марказида жойлашган казарма ва бошқа объектлар қонуний нишонлар бўлиши мумкин, лекин улар турар жой ва дўконлар орасида экани фуқаролар ҳаётини хавф остига қўйган. Бироқ Озарбойжон ҳукумати ноаниқ ҳаракатланадиган қурол билан берилган кўплаб зарбалар оддий фуқароларга шикаст етказиб, фуқаролик объектларига зарар етказиши ё йўқ қилиш эҳтимоли юқори эканлигини билишлари шарт эди», дейилади ҳисоботда.

Amnesty вакиллари ноябр ва декабр ойларида воқеа жойларида бўлиб, Озарбойжон ҳудудида жойлашган аҳоли пунктларига берилган ўнлаб зарбаларга гувоҳлар ва жабрланганлар билан суҳбатлашишган. Жумладан:

  • Гашалти қишлоғига урушнинг биринчи куни 27 сентябрда оғир артиллерия билан берилган зарба (бир уйда 5 киши ҳалок бўлган);
  • Ганжа шаҳри 11 октябр тунида «Элбрус» тактик ракетаси билан бомбардимон қилинган (10 нафар қурбон);
  • 17 октябрда айни қурол билан Ганжа тунда бомбардимон қилинган (21 киши ҳалок бўлган, яраланганлар 50 нафар);
  • Кассета каллакли ракеталар билан Барда шаҳри яқинидаги Ғараюсуфли қишлоғига берилган зарба (5 қурбон);
  • «Смерч» ракеталари билан Барда шаҳри бомбардимон қилинган (21 нафар қурбон ва ўнлаб яраланганлар);

Арманистон тарафдан Ганжа ва Бардадагидек оммавий қурбонлар бўлмаган.

«Агар тинч аҳоли ҳудудни тарк этмаганда ёхуд ертўлаларда жон сақламаганда, Тоғли Қорабоғдаги шаҳар ва қишлоқларда тез-тез отишмалар кўплаб қурбонлар берилиши билан якун топиши мумкин эди», дейилади Amnesty докладида.

Қорабоғдаги тез-тез отишмалар оқибатида Озарбойжон-Арманистон чегарасида 50 нафардан ортиқ оддий фуқаро ҳалок бўлган. Amnesty вакиллари қурбонларга сабаб бўлган 12 ҳолат келтиришган:

  • Степанакартга берилган 4 зарба (тинч аҳоли орасидан 4, ҳарбийлардан 2 нафар қурбон);
  • Мартунига берилган 5 зарба (3 нафар тинч аҳоли вакили);
  • Мардакертга 2 зарба (3 нафар қурбон);
  • Арманистоннинг ўзидаги Давит Бек қишлоғидаги отишма (бир қурбон);

Amnesty International Арманистон ва Озарбойжон ҳукуматларини тинч аҳолига зарба бериш бўйича барча ҳолатларни ўрганиб чиқиш ва жиддий далиллар топилса, айбдорларни судга топширишга чақирди.

Жанубий Кавказ бўйича кўплаб экспертлар, жумладан, арман ва озар мутахассислари ҳам ҳарбий жиноятларни холис ўрганиш сулҳ томон ташланган илк қадам бўлишини айтишади.

Amnesty International, шунингдек, Озарбойжон ва Арманистонни кассетали аслаҳадан воз кечишга чақирган.

Кассетали аслаҳадан воз кечиш ҳақидаги халқаро конвенцияга на Арманистон, на Озарбойжон ва на бу каби аслаҳани етказиб берувчи давлатлар бўлмиш Россия, Туркия, Исроил ҳамда Украина қўшилган.

Top