«Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун имзоланди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 16 феврал куни “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Ушбу қонун Ўзбекистон ва бошқа давлат ўртасида амалда бўлган келишувларга риоя этган ҳолда халқаро тижорат арбитражига нисбатан қўлланилади.
Ушбу қонун билан қуйидаги тушунчаларга ҳам таъриф берилди:
- арбитр – тарафлар томонидан низони арбитражда ҳал қилиш учун келишилган тартибда тайинланган жисмоний шахс;
- арбитраж – доимий арбитраж муассасаси ёки муайян низони ҳал этиш учун ташкил этиладиган арбитраж суди томонидан амалга оширилишидан қатъи назар, низони ҳал этиш тартиб-таомили;
- арбитраж муассасаси – халқаро тижорат арбитражини бошқарадиган ташкилот;
- арбитраж суди – якка тартибдаги арбитр ёки арбитрлар ҳайъати.
Тарафлар ўз хоҳишига кўра арбитрлар сонини белгилаши мумкин. Бундай келишув бўлмаганда уч нафар арбитр тайинланади.
Халқаро тижорат арбитражига тарафларнинг келишувига биноан тижорат хусусиятига эга бўлган ҳам шартномавий, ҳам шартномадан ташқари барча муносабатлардан юзага келадиган низолар берилиши мумкин.
Арбитраж суди томонидан белгиланган таъминлаш чораси мажбурий кучга эга деб тан олинади.
Арбитраж иш юзасидан ёзма ҳал қилув қарори чиқаради.
Арбитражнинг ҳал қилув қарори, у қайси мамлакатда қабул қилинганидан қатъи назар, мажбурий деб тан олинади ва судга ёзма ариза берилган тақдирда ижро этилади. Бунда арбитраж ҳал қилув қарорининг тегишли тартибда тасдиқланган асл нусхаси ёки кўчирмасини ижрога тақдим этиш лозим бўлади.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач (2021 йил 18 августдан) кучга киради.